ОАВга, хусусан бизни таҳририятимизга қилинадиган мурожаатларнинг деярли барчасида фуқароларнинг муаммолари, дардлари, илтижолари акс этади, десак муболаға бўлмайди. Уларнинг аксариятида қайсидир масалада ёки соҳада кўмак кўрсатмаётган ҳоким, раҳбар, ноҳақлик қилаётган амалдорлар ҳақида сўз боради. Аҳоли мурожаатларига алоҳида эътибор қаратилаётган айни пайтда эса бу борадаги шикоятларни ижтимоий тармоқларда ҳам сон-саноқсиз кўрмоқдамиз.Бироқ...
Бироқ, бизга бу сафар ўзгача мазмунда, ноодатий мактуб келди. Мурожаат оддий фуқародан. Хатда номи келтирилган шахс эса ҳоким. Ноодатийлиги шундаки, оддий, самимий, у қадар бир-бирига қовушмаган жумлалар акс этган хатда Тўрақўрғон ҳокими Зулайҳо Маҳкамовага миннатдорлик билдирилган. Биз эса, кўзлар, қулоқлар, асаблар раҳбар, ҳокиму амалдорлар устидан қилинган шикоятлардан чарчаган бир пайтда ушбу ижобий муносабатлар акс этган мактубни барчага етказишга қарор қилдик.
"Мен Мухамадиев Мардон 1986 йилда туғилганман. Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани Соҳилобод-1 махалласида истиқомат қиламан. Бундан 14 йил аввал бир бой келиб, биз тирикчилик қилиб кун кўраётган ерларимизни зўравонлик қилиб, тортиб олди. Мен сингари қанча одам ишсиз, ризқсиз қолдик, ўшанда. Аммо бирорта раҳбар ёки ҳоким келиб бизни арзимизни эшитмади, ёрдам бермади, ҳаттоки қабул ҳам қилишмаганди. Шундан сўнг шу ерларда яшайдиганлар — барчамиз иш қидириб, Россия ва Қозоғистонга чиқиб кетдик. Узоқ йиллардан бери ўзга юртларда тирикчилик қилиб юргандик. Аммо сал аввал туманимизга ҳоким бўлиб келган Зулайҳо Маҳкамова ва туман юристи Нодиров Анваржон бизни ҳаммамизни туманда иш билан таъминлашни айтиб, хориждан чақиртириб олишди. Бизга туман заҳирасидан тендер аосида ер ажратиб бердилар. Бу ҳоким аёл киши бўлса ҳам, аҳолини масалаларини эринмай ўрганади, нима муаммо билан олдига кирсангиз ишингиз битади. Мен, шунингдек, ўртоқларим И.Самиев М.Хаитов Б.Содиқовлар туманимиз раҳбарига ота-оналаримиз, оиламиз номидан ҳам миннатдорлик билдирамиз", дейилади хат мазмунида.
Ҳолбуки, аҳоли Тўрақўрғон ҳокимидан рози бўлаётган экан, биз ушбу миннатдорлик мактубини чоп этиш орқали бошқа раҳбарларни ҳам ўрнак олишга чақириб қоламиз.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 март куни Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Зулайҳо Баҳриддиновна Маҳкамова Тўрақўрғон тумани ҳокими этиб тайинланган эди.






