Бугун АОКАда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот котиби Мурод Содиқов иштирокида брифинг ўтказилди.
Таҳлилларга таяниб маълум қилинишича, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг аксарияти қуйидаги сабабларга кўра юзага келмоқда:
▪️фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи (кўмир, ўтин ва бошқа) турлардан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик;
▪️ностандарт (қўлбола ясалган) ёки сертификатга эга бўлмаган иситиш печлари ва анжомларидан фойдаланиш;
▪️иситиш печларининг дудбуронларини нотўғри ўрнатиш;
▪️газ ёки бошқа муқобил ёқилғига мослаштирилган иситиш печлари (анжомлари)ни дам олиш (ухлаш) хоналарига олиб кириш;
▪️ҳаво алмашмайдиган хоналарни иситишда очиқ олов (кўмир ва ўтин чўғлари)дан фойдаланиш;
▪️ҳавони алмаштирувчи шамоллатиш шахталари ёки туйнукларни беркитиб (тўсиб) қўйиш.
Иситиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган кўнгилсиз ҳолатлардан яна бири бу газ-ҳаво аралашмаси натижасида чақнаш, портлаш ҳамда ёнғинларнинг содир бўлишидир.
- Ёнғинларнинг 30 фоизи электр ускуналаридан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши,
- 23 фоизи очиқ оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш,
- 20 фоизи иситиш печларини қуриш ва ишлатиш қоидаларининг бузилиши,
- 9 фоизи болалар шўхлиги оқибатида,
- 8 фоизи чекишдаги эҳтиётсизлик,
- 3 фоизи газ жиҳозларидан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши,
- 16 таси газ ва ҳаво аралашмасининг чақнашидан содир бўлади.
Таъкидланишича, қиш мавсумида ҳар ўртача 3 та содир бўлган ёнғиннинг биттаси иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиш ёки носоз ва ностандарт иситиш мосламаларининг ишлатилишидан келиб чиқади.
Куз-қиш мавсумида содир бўлиши мумкин бўлган ёнғин, газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши ҳамда ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш мақсадида, қуйидагиларга риоя қилиш зарур:
- ташқи ҳимоя қобиқлари шикастланган электр сим ва кабеллардан фойдаланманг;
- электр хўжалигида ортиқча юкланиш ва электр симларнинг қисқа туташувидан содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинларнинг олдини олиш лозимлиги сабабли сифат сертификатига эга бўлган ҳимоя сақлагичларидан (автоматлардан) фойдаланинг;
- иситиш печларининг дудбуронларини тозалаш, созлаш ва уларнинг қоида талаблари асосида ўрнатилиши бўйича хизмат кўрсатувчи махсус ташкилотларга мурожаат қилиш ва улар томонидан лозим даражада хизмат турларининг бажарилишига эришинг;
- иситиш печларини ҳаддан зиёд қиздириб юборманг;
- газ ва электр иситиш мосламаларини назорат қилишни ёш болаларга топширманг;
- газ таъминоти идоралари мутахассисларини жалб этган ҳолда газ жиҳозларини тафтишдан ўтказиб, уларга техник хизмат кўрсатилишини ташкил этинг;
- газ ускуналарини улаш бўйича тартиб-қоидаларга риоя қилинг;
- ёнувчи материалларни газ плиталари устида қуритманг;
- газ иситиш мосламаларидан хавфсизлик автоматикалари (газнинг ўчиб, қайта келишини назорат қилувчи мослама) орқали фойдаланинг ва уларнинг доимий созлигига эътибор беринг.
Агар хонада газ ҳидини сезсангиз, чироқ ва учқун чиқарувчи мосламалардан фойдаланмаслик, дарҳол хонани шамоллатиш чорасини кўриш сўралмоқда. Бу ҳақда “1004” рақами орқали газ хизматига, ёнғин содир бўлган тақдирда, ёнғин-қутқарув хизматининг “1050” телефон рақамига хабар беринг.






