АсосийJamiyat

Самарқандда хотини ва унинг ўйнашини барчанинг кўз олдида пичоқлаб ўлдирган эркакнинг видеосини тарқатганлар қамоққа олинди

'Самарқандда хотини ва унинг ўйнашини барчанинг кўз олдида пичоқлаб ўлдирган эркакнинг видеосини тарқатганлар қамоққа олинди'ning rasmi

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳридаги савдо марказларидан бирида қонга булғанган пичоқни кўтариб, икки кишини ўлимига сабаб бўлган фуқаронинг тасвири акс этган видео ҳамда фотолавҳалар тарқалди ва омма орасида турлича муҳокамаларга сабаб бўлди. Аввалроқ, ҳолат юзасидан прокуратура томонидан жиноят иши очилиб, қотил қўлга олингани хабар қилинган эди. 

Шов-шувларга сабаб бўлган ушбу видео (фото) юзасидан ИИБ ходимлари текширув ишларини олиб боришди. Ваҳшийлик акс этган ушбу видеолавҳалар 3 нафар самарқандлик йигитлар томонидан тасвирга олиниб, тарқатилгани маълум бўлди. Бу ҳақда "darakchi.uz"га Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизмати раҳбари Жахонгир Сагдуллаев хабар берди. 

Маълум бўлишича, видеолавҳаларни ижтимоий тармоқда тарқатган фуқаролар бу каби зўравонлик ва шафқатсизлик акс этган лавҳаларни тарқатмаслик юзасидан тушунтириш ишларини олиб бориш учун борган ИИБ ходимларига фаол қаршилик кўрсатишган. 

Ушбу шахсларга нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, профилактик тушунтириш ишлари олиб борилди. Самарқанд шаҳар маъмурий ишлар бўйича суди томонидан учала йигитга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди, дейилади тақдим этилган маълумотда. 

"Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси барча ОАВ ходимлари, блогерлар ва фуқароларнинг ахборотни олиш, ундан фойдаланиш ва тарқатиш ҳуқуқлари мавжудлигини эслатиб ўтади. Фақатгина бундай ҳаракатлар қонун доирасида амалга оширилиши лозим.

Эслатиб ўтамиз Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда 189-1 ва Жиноят кодексида 130-1-моддалар мавжуд бўлиб, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш учун жавобгарлик белгиланган.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонунининг 6-моддасига кўра, оммавий ахборот воситаларидан зўравонлик ғояларини тарғиб қилиш мақсадида фойдаланилишига йўл қўйилмайди. «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 15-моддасида давлатнинг ахборот борасидаги хавфсизлигини таъминлашнинг йўлларидан бири сифатида зўравонликни, шафқатсизликни тарғиб қилувчи ғояларни ўз ичига олган ахборот тарқатилишига қарши ҳаракатлар қилиш эканлиги мустаҳкамланган", - эслатмалар бермоқда Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати

    Бошқа янгиликлар