Жиззахда кекса онахон чуқур қудуққа тушиб кетгани аниқланди ва тезкорлик билан қутқариб олинди. Бу ҳақда ФВВ Матбуот хизмати хабар берди.
Воқеа 2020 йилнинг 24 ноябрь куни эрталаб соат 07:30 да Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани «Лалмикор» МФЙ ҳудудидаги хонадонлардан бирида содир бўлган.
Хусусан 69 ёшли фуқаро (кекса аёл) уй қудуғидан сув олиб чиқмоқчи бўлиб, эҳтиётсизлиқ оқибатида қудуқ ичига тушиб кетган. Воқеа содир бўлган жойга зудлик билан катта лейтенант Боҳодир Норбобоев бошчилигидаги Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вилоят бошқармаси қутқарув гуруҳи етиб борган.
Қудуқнинг чуқурлиги 19 метрни ташкил этади. Қутқарувчи Шодиёр Ҳайдаров махсус арқон ёрдамида қудуққа тушиб, кекса аёлни хавфсиз олиб чиқган. У дарҳол касалхонага юборилди.
Яхшиямки, жабрланувчи жиддий жароҳатлар олмаган. Шифокорлар унинг ҳолатини ижобий деб баҳоламоқда, дейилади хабарда.






