АсосийJamiyat

Жиззахда совуқда ўқувчиларни юпун кийимда ташқарига чиқариб, тадбир ташкиллаштирганлар ишдан бўшатилмади

'Жиззахда совуқда ўқувчиларни юпун кийимда ташқарига чиқариб, тадбир ташкиллаштирганлар ишдан бўшатилмади'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда Жиззахда шундай совуқ кунларда усти юпун ҳолда ташқарида тадбирда иштирок этаётган яна бир мактаб ўқувчиларининг тарқалган сурати кескин норозиликларга сабаб бўлгач, ҳолатга Бахмал тумани ҳокимлиги эътибор қаратишга мажбур бўлди.

Изоҳда айтилишича, 20 ноябрь куни Ахборот-кутубхона маркази очилиш маросимига келган Бахмал тумани ҳокими ташкилотчиларнинг ёш болаларни совуқ кунда юпун кийинганлигини тадбирга ташриф буюрганидан кейин кўрган. 

Маълум қилинишича, ҳавонинг совуқлиги боис очилиш маросими ташқарида тахминан 5-6 дақиқа давом этган, холос.  

Тадбир якунлангач, ҳоким тадбир ташкилотчиларига кичик йиғилиш ўтказиб,  тадбирнинг ташкилий қисми нега айнан бинонинг ичида ўтказилмаганлиги юзасидан кескин муносабат билдирган.  

Ижтимоий тармоқларда чиқарилган эътирозлар юзасидан суръатдаги ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан ҳам суҳбат ўтказилган. Улар мазкур ҳолатда фарзандларининг узоқ вақт ташқарида қолиб кетмаганлиги сабабли эътирозлари йўқ эканлигини билдиришган.    

Тадбир ташкилотчиларига бундан кейин ҳар қандай тадбирларни ўтказишда янада масъулиятли ва эътиборли бўлишлари юзасидан огоҳлантириш берилган.  

Эслатиб ўтамиз, куни кеча Андижонда “Янги Ўзбекистон - Янгича дунёқараш” тадбирида совуқда ўқувчиларни юпун кийимда ташқарига чиқарилгани учун мактаб директори ва унинг ўринбосари ишдан олинган эди. 

    Бошқа янгиликлар