АсосийJamiyat

Наманганда 35 нафар иқтидорли талабаларнинг тўлов-шартнома пуллари тўлаб берилди

'Наманганда 35 нафар иқтидорли талабаларнинг тўлов-шартнома пуллари тўлаб берилди'ning rasmi

Наманганда маҳаллий ва хориж олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 35 нафар талабанинг бир йиллик тўлов-шартнома пуллари тўлаб берилди. Бунинг учун махсус ташкил этилган комиссия томонидан тиббиёт йўналишида ўқиётган талабалар саралаб олинди, дея хабар беради Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.

Улар орасида Россиянинг Санкт-Петербург, Узоқ Шарқ, Волгоград, Воронеж, Смоленск, Иркутск тиббиёт университетлари, шунингдек, Тошкент тиббиёт академияси, Андижон ва Самарқанд тиббиёт институтларида таҳсил олаётган йигит-қизлар бор.

Олдинлари туманда раҳбар бўлиб ишлаганимда битта бинони таъмирлашга 50 миллион сўм ажратилиши учун йил давомида сарсон бўлганимни эслайман. Ҳозир хорижда ўқиётган бир талабамизнинг йиллик тўлов-шартнома пули учун деярли шунга яқин маблағ тўлаб беряпмиз. Давлат раҳбари ёшлар билан учрашувда иқтидорли йигит-қизларни рағбатлантириш бўйича берган кўрсатмалари  бунга асос бўлиб хизмат қилди, — деди вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов.

Вилоят бюджетининг қўшимча даромадлари ҳисобидан бу мақсадлар учун жами 470 миллион сўм ажратилди. Ҳозирда танлов комиссияси яна 35 нафар наманганлик талабанинг ҳужжатларини ўрганмоқда. Улар орасида нафақат тиббиёт, балки вилоятда эҳтиёж юқори бўлган бошқа йўналишлар ҳам бор.

Талабаларга тўлов-шартнома пуллари ажратилганини тасдиқловчи сертификатларни топшириш маросимида Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев иштирок этди.

Бошқа янгиликлар