АсосийDunyo

Нур-Султон – Қозоғистондаги ҳавоси ифлосланган шаҳарга айланди. Бунга кўмир ва эски транспортлар "айбдор"

'Нур-Султон – Қозоғистондаги ҳавоси ифлосланган шаҳарга айланди. Бунга кўмир ва эски транспортлар "айбдор"'ning rasmi

Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳри мамлакатдаги энг ифлос шаҳар деб тан олинди: бу ерда ҳаво ифлосланиши индекси инқирозий даражага етди. Бу ҳақда "Настоящее Время" телеканали маълум қилди.

Экологлар ва маҳаллий аҳоли бунда уйларни иситишда ишлатилаётган кўмирнинг ҳиссаси катталиги, шунингдек, эски, экологик тоза бўлмаган транспорт воситаларининг йўллардаги тирбандлиги билан изоҳлашмоқда. 

Жумладан, Нур-Султондаги хусусий хонадонда яшовчи фуқаролардан бири кучли совуқ бўлган кунлари уйини иситишга бир суткада 12 челак кўмир кетишини айтган. У Қозоғистон шимолида қиш жуда совуқ бўлгани учун сифатли кўмирсиз яшаб бўлмаслигини, лекин бунга ҳар кимнинг қурби етмаслиги, қолаверса, кўчада нафас олиш ҳам қийинлигини ҳам айтиб, ташқаридаги мўриларга ишора қилган. "Ҳар бир уйдан бундай тутун чиқса, бу ёмон. Ундан кўра газ яхши. Зарарли чиқиндиси ҳам оз...", - дейди фуқаро.

Қайд этилишича, пойтахт аҳолиси қишдаги ҳаво уларни қўрқитишини тан олади. Баъзилар нафас ололмайди ва бош оғриғидан шикоят қилади. 

Қозоғистон Экология вазирлиги маълумотларига кўра, Нур-Султон ҳақиқатан ҳам мамлакатнинг энг ифлос шаҳарларидан бири ҳисобланади. 2019 йилда ўтказилган мониторингда Қозоғистоннинг 45 шаҳарларидан 10 таси ифлосланган шаҳарлар рўйхатига кириб қолган. Булар: Нур-Султон, Олмаота, Қарағанда, Темиртой, Оқтов, Атирау, Ақтобе, Балхаш, Уст-Каменогорск ва Чимкент. 

Экспертлар фикрича, бундай бўлишига биноларнинг кўмир ва ўтин билан иситилиши бош "айбдор". Шу билан бирга, марказий йўллардаги тирбандликлар, шаҳарда эски машиналар ва аҳоли сони кўплиги ҳам ҳавога таъсир қилмоқда.

Расмийлар ҳозирча фақат ваъда беришмоқда. Яъни 2024 йилгача мамлакат шаҳарлари ҳавоси тоза бўлишини, бунинг учун кўп миқдорда дарахтлар экиш, қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш улушини ошириш, йирик шаҳарлардаги ИЭСларни газга ўтказиш режалаштирилган. 

    Бошқа янгиликлар