Ижтимоий тармоқларда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Б.Х.Умурзаковнинг “Korean and migrations” хусусий бандлик агентлиги фирибгарлик фаолиятидан жабрланган фуқаролар билан учрашувидан олинган видеоси тарқалди. Ушбу видеода вазир ўринбосарининг мурожаатчиларга нисбатан жавоблари оҳанги кўпчилик томонидан ҳурматсизлик, қўполлик ёки давлат хизматчисининг этика қоидаларини бузиш сифатида таъриф берилди.
Вазирлик ахборот хизмати маълумотига кўра,“Korean and migrations” хусусий бандлик агентлигига 2019 йил 4 январь куни тегишли лицензия берилган. Хусусий бандлик агентлиги ўз фаолияти давомида жами 7 та хорижий иш берувчи билан келишувлар имзолаган ҳамда 2 317 нафар фуқаро билан 24,9 млрд. сўм миқдорида шартномалар имзолаган. Аммо, фуқаролар олдидаги шартномавий мажбуриятлари бажарилмаган. Жорий йилнинг 14 сентябрь куни ташкилотнинг 12 нафар масъулларига нисбатан Тошкент шаҳар Яккасарой туман суди томонидан ҳукм ўқилиб, жабрланувчиларга етказилган зарарларни қоплаб бериш кўрсатиб ўтилган. Дастлабки транш сифатида етказилган зарарнинг 38 фоизи фирибгарликдан жабрланган фуқароларнинг пластик карталарига Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда ўтказиб берилган.
Ушбу зарарни қоплаш тартиблари бўйича фуқароларнинг мурожаатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги раҳбарияти билан бўлиб ўтган бир неча учрашувлар давомида кўриб чиқилиб, уларга суд қарори билан белгиланган компенсация тўловларини тўлаш механизми тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилган.
" - Ушбу видео шу йилнинг сентябрь ойи охирида бўлиб ўтган ана шундай учрашувлардан бирида суратга олинган. Бир неча соат давом этган учрашув да оғриқли масала муҳокама этилганлиги сабаб фирибгарликдан азият чекган учрашув қатнашчиларининг эмоционал ҳолатларини тушуниш мумкин.
Учрашув очиқ ҳавода, пойтахтимиз марказида, гавжум транспорт йўлларига яқин жойда ва овоз кучайтириш воситаларисиз бўлиб ўтганлигини инобатга олсак, билдирилган фикрлар барча йиғилганларга эшитиларли даражада етиб бориши учун баланд оҳангда гапиришга зарурат туғилганлиги табиий.
Афсуски, учрашувнинг айнан ушбу қисми ижтимоий тармоқда жойлаштирилди. Умуман олганда бутун учрашув барча саволлар учун очиқ ҳолда олиб борилган. Масаланинг ҳуқуқий жиҳатларига оид барча саволларга ушбу йиғилишда иштирок этган Aдлия, Ички ишлар вазирликлари, Олий суд ва Бош прокуратура ҳузуридаги МИБ масъул ходимлари томонидан ҳам жавоблар берилган. Шунга қарамай, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Вазир ўринбосари Б.Х.Умурзоқовнинг айрим мурожаатчилар хатти-ҳаракатига нисбатан жавоблари оҳанги кўпчилик томонидан ҳурматсизлик, қўполлик ёки давлат хизматчисининг этика қоидаларини бузиш сифатида таъриф этилаётганлигидан афсусда эканлигини билдиради. Гарчанд мазкур жавобларнинг маъносида Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига зид фикрлар айтилмаган, шунингдек, уларда юқорида келтириб ўтилган Яккасарой туман судининг қарорлари акс эттирилган бўлса-да, агар учрашув баъзи иштирокчиларининг шаъни ва қадр-қимматига таъсир этган бўлсак, улардан узр сўрашга тайёрмиз, дейилади муносабатда.
Матбуот хизмати хабарида агар ушбу видеонинг муаллифлари ёки ОАВ вакиллари мурожаат қилса, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мазкур ҳолат бўйича қўшимча тушунтириш бериш учун Б.Х.Умурзоқов билан шахсий учрашувга имконият яратиб беришга тайёрлигини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши муносабати билан жорий йилнинг 14 ноябридан хусусий бандлик агентликлари фаолиятида жиддий ўзгаришлар жорий этилга. Хусусан, эндиликда Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш қидираётган шахслардан хорижда ишга жойлаштириш бўйича хизматлар учун ҳақ олиш тақиқланди. Бу хизматлар учун ҳақ хорижий иш берувчи томонидан тўлаб берилади. Бу эса ватандошларимизнинг чет элда иш топиш истагини айрим виждонсиз шахслар томонидан суистеъмол қилиш эҳтимолини бартараф этади, дейилади хабарда.






