АсосийJamiyat

"Машинамнинг орқа балони кўтарилиб, тушганини сезгандек бўлдим". Қашқадарёда юк машина ҳайдовчиси 9 ёшли болани босиб кетди

'"Машинамнинг орқа балони кўтарилиб, тушганини сезгандек бўлдим". Қашқадарёда юк машина ҳайдовчиси 9 ёшли болани босиб кетди'ning rasmi

Жорий йилнинг 25 ноябрь куни Қарши шаҳрининг мағзон маҳалласи ҳудудидан бир-бирини шатакка олган ҳолда ҳаракатланиб кетаётган Зил русумли юк автомашина ҳайдовчиси тўсатдан йўлнинг қатнов қисмига чиқиб кетган велосипедли болани туртиб юборади. 

-Автомашинам носозлиги туфайли шатакка олиб кетаётгандим, -дейди ҳайдовчи. – Чамаси 19.00 лар атрофида йўлнинг ўнг томонидан велосипедда ҳаракатланиб келаётган болага кўзим тушди. Уни уриб юбормаслик учун сигнал босиб, рулни чап томонга бурдим. Кейин эса яна йўлимда давом этдим. Бир пайт машинамни орқа ғилдираги кўтарилиб, тушганини сезгандек бўлдим. Машинани тўхтатиб, тушиб қарасам бола балон остида қолган экан.

Юз берган ҳалокатдан сўнг болакайни зудлик билан тез ёрдам шифохонасига олиб борилади. Дарҳол шошилинч ёрдам кўрсатилади. 

-Йўл-транспорт ҳодисларини олдини олиш мақсадида Қашқадарё вилоят йўл-ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан мунтазам профилактик ишлар олиб борилади, - дейди вилоят ЙҲХБ ахборот хизмати раҳбари Жавлон Бахтиев. – Ҳар галги тадбирларда автоҳалокат жойига бориб, ҳайдовчиларга бунинг оқибатлари тушунтирилади. Ота-оналарга серқатнов йўлларда болаларни назоратсиз қолдирмаслик юзасидан кўрсатмалар берилади. Тарқатма материаллар, буклетлар орқали уларни ҳушёрликка чорлаймиз. Бироқ, афсуски, йўлларимизда инсон ўлими билан боғлиқ оғир турдаги йўл-транспорт ҳодисалари тез-тез учраб туради. Мазкур автоҳалокатда ҳам эндигина 9 ёшга кирган Ш.А. исмли болакай назоратсиз қолиши оқибатида оғир тан жароҳати олди.

Шифохонада болакайнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун астойдил ҳаракат қилинди. Бироқ, шифокорларнинг маълум қилишича, болакай 29 ноябрь куни олган тан жароҳатлари оқибатида ҳаётдан кўз юмди. Йўлларда қоидаларга амал қилинг, фарзандларингизни назорат қолдирманг! Зеро, кейинги пушаймонликнинг фойдаси бўлмаслиги мумкин.

Қашқадарёдан махсус мухбир Шавкат АМИНОВ

 

    Бошқа янгиликлар