Бир бор экан, икки, уч, тўрт ҳам бор экан. Худди шу замонда бир ҳоким бор экан, дея ўзи билган ҳоким ҳақида ёзди журналист Мақсуд Жонихонов.
"У қўл остидагиларга светни ўчирларинг дер экан. Кейин ўзи очган телеграм гуруҳда светни ўчирганларни уришиб-уришиб ташларкан. Унинг ёзганларини ўқиган аҳоли вакиллари Ооооооо мана ҳоким, мана адолат дер экан. Ҳоким бу изоҳларни ўқиб офлайнга ўтиб, ходимларига энди светни ёқинглар дер экан. Свет лип этиб ёнаркан, кейин аҳоли яна Оооооо деб юбораркан. Ҳоким бундан кайф қиларкан. Кечроқ газни узинглар деркан, эрталаб сувни ўчиринглар деркан. Унинг ёш боласи борлар, қариялар билан мутлақо иши йўқ экан. Унинг учун телеграм каналидаги комментлар муҳим экан, халққа жуда зарур бўлган нарсани тез-тез узиб тураркан, ва яна ҳамма дод деса, яна қўшиб қўяркан. Аслида, газниям, светниям, сувниям узиб қўймаса бўларкан. Лекин ҳоким касал экан. Шуни узиб, яна уларкан, одамларнинг қийналишини яхши кўраркан.
Мабодо пора олса, ўша куни коррупцияга қарши ролик ишлатаркан ва уни ижтимоий тармоққа қўяркан. Одамларига айтиб, мени мақтанглар, ҳимоя қилинглар, дер экан. Шундай қилиб бир гуруҳ ёлланганлар биз ўзимиз дарс беришдан кўра далада ишлашни яхши кўрамиз, деса, бошқа гуруҳ ҳокимимиз фаришта билан бир хил, фақат битта фарқи кетларида .... бор деб айюҳаннос соларкан. Яна битта, энг хавфли тоифа эса ўзининг алмойи-алжойи гаплари, ахмоқона хатти ҳаракатлари билан одамларнинг нафратини қўзғатган ҳоким ҳақида кўрсатув қиларкан.
У кўрсатувни кўриб яна ҳамма ооооо деркан.
Шунақамиз: иш натижаси 0 бўлсаям, ооооо дейверамиз...
Р/S Мен ўзим билган ҳоким ҳақида ёздим. Агар сизнинг ҳудуддаги ҳоким ҳам шунақа бўлса, ўхшашликлар мутлақо тасодиф эмас", дея якунланган ҳикоя.






