АсосийJamiyat

Дубайга бир аёлни 3 500 минг AҚШ долларга сотмоқчи бўлган шахс қўлга олинди

'Дубайга бир аёлни 3 500 минг AҚШ долларга сотмоқчи бўлган шахс қўлга олинди'ning rasmi

Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Келтирилишича, Азиза исмли фуқаро Тошкент шаҳар ИИББ Терроризм ва экстеримизмга қарши курашиш бошқармаси ходимларига ариза билан мурожаат қилган. Унга кўра, у алдов йўли билан 3,5 минг АҚШ доллари қарз эвазига Дубайга фоҳишалик билан шуғулланиш учун юборилаётган экан.

Тошкент шаҳар ИИББ ТЭҚКБ одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши кураш бўлими ходимлари томонидан тезкор суриштирув ва ўрганиш ишлари олиб борилган. Натижада 11 ноябрь тонгги соат 05:30 атрофида Тошкент халқаро аэропортида 1992 йилда туғилган жабрланувчи Азиза тўхтатиб қолинган.

Шундан сўнг, Бектемир туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида аризада кўрсатилган Нафиса исмли шахс қўлга олинган ва туман ИИБга топширилган.

«Танишим Нафиса менга чет элда яхши пул топишим мумкинлигини айтди. Билсам, у ерда фоҳишаликка жўнатмоқчи бўлган экан. Бу ишни ўртоғим билан маслаҳатлашганимда у мени огоҳлантирди. Кетишимдан фойда бўлмаслигини, у ерда қийналишимни айтди. Шундан кейин биз ички ишлар ходимларига мурожаат қилдик», — дейди Азиза.

Маъулм бўлишича, Нафисанинг жиноий шериги БААда истиқомат қилувчи аёл халқаро пул ўтказмалари орқали жабрланувчининг билети ва ҳаражатлари учун 500 АҚШ доллари жўнатган. Бунинг эвазига 3500 АҚШ доллари ишлаб бериши шарт сифатида кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Бектемир тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси) 2-қисми «е» бандида кўрсатилган жиноят аломатлари борлиги сабабли жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

    Бошқа янгиликлар