АсосийJamiyat

Фермернинг оворагарчилигига ҳокимларнинг “ўйноқи” қарори сабабми? Бош прокуратурани протест киритишга ундаган масала...

'Фермернинг оворагарчилигига ҳокимларнинг “ўйноқи” қарори сабабми?  Бош прокуратурани протест киритишга ундаган масала...'ning rasmi

“Даракчи” таҳририятига Бухоро вилояти Бухоро туманидан Қурбон Жўраева “Фермер хўжалигини ташкил қилиши учун ўғлимга Бухоро туман ҳокимининг 2018 йил 9 мартдаги 418-сон қарори билан Бухоро туман “Гулшанобод” МФЙдан пахта ва ғаллачилик йўналишида 98,36 га ер майдони ажратиб берилган. Ўғлим “Зокир Олимович Халиков” фермер хўжалигини ташкил қилиб фаолият юритган. 
9 ой ишлаб, ғалла ва пилла планини ортиқчаси билан топширди. Лекин “пахтани кам топширдинг”, дея ерни олиб қўйишди. Кредитларимиз бор эди. Судга мурожаат қилдик, ижобий ечим топди, бироқ ишлашга қўйишмади. Чунки ерни бошқа фермерга беришган экан. Суд жараёнида янги қарор қабул қилишди. Кейин эса суд аризамни қабул қилмади, нега?”, деб вилоят маъмурий судининг кассация инстанциясининг 2020 йил 3 июлдаги қароридан норози бўлиб мурожаат қилди...

Аслида ҳолат қандай бўлгани ва аризачи “Зокир Олимович Халиков” фермер хўжалигининг аризаси нима сабабдан, қайси асосларга кўра рад қилинганига жавоб топиш мақсадида Бухоро туман маъмурий суди раиси Завқиддин МУЗАФФАРОВ билан боғландик:

— Бухоро туман ҳокимининг 2019 йил 26 январь кунидаги №297-сонли қарорига кўра, “Зокир Олимович Халиков” фермер хўжалиги раҳбарининг аризасига асосан фермер хўжалик ва туман ҳокимлиги ўртасида тузилган ер участкасини узоқ муддатга ижарага бериш шартномаси бекор қилиниб, ер майдони туман ҳокимлиги захирасига қайтарилган. 

Сўнг, “Зокир Олимович Халиков” фермер хўжалиги судга ариза билан мурожаат қилиб, Бухоро туман ҳокимининг 2019 йил 26 январь кунидаги №297-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган. 

Жондор туман маъмурий судининг 2019 йил 20 сентябрдаги ҳал қилув қарорига кўра, Бухоро туман ҳокимининг 2019 йил 26 январь кунидаги №297-сонли қарори ҳақиқий эмас, деб топилган. Бухоро вилоят маъмурий судининг 2019 йил 
20 декабрдаги қарори билан Жондор туман маъмурий судининг 2019 йил 20 сентябрь кунидаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Суд қарорлари ҳозирда қонуний кучида. 

Бухоро туман ҳокимининг 2019 йил 28 январь кунидаги №358-сонли пахта-ғаллачилик юритиш учун қўшимча ер майдони ажратиш тўғрисидаги қарори билан “Зокир Олимович Халиков” фермер хўжалигининг заҳирага олинган ер майдони “Жамол Камол замини” фермер хўжалигига қўшимча ер майдони сифатида ажратиб берилган. 

Мазкур иш бўйича аризачи З.Халиков судга ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар Бухоро туман ҳокимлигига нисбатан Бухоро туман ҳокимининг 2019 йил 28 январдаги №358-сонли қарорини қисман ҳақиқий эмас деб топишни сўраган. 

Маъмурий иш ҳужжатларидан кўринишича, Бухоро туман ҳокимининг 2020 йил 18 март кунидаги №324-сонли қарори билан Бухоро туман Ер ресурслари ва давлат кадастр бўлимининг 2020 йил 17 март кунидаги тақдимномаси инобатга олиниб, Бухоро туман ҳокимининг 2018 йил 09 март кунидаги “Гулшанобод” МФЙ ҳудудидан З.Халиковга пахтачилик-ғаллачилик йўналишида фермер хўжалиги ташкил қилиш учун туман ҳокимлиги захирасида бўлган жами 98,36 гектар, шундан 75,17 гектар экин, 1.32 гектар тутзор, 15,6 гектар томорқа ва 6,27 гектар бошқа қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер майдонлари ажратиш ҳақидаги 418-сонли қарори вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги ер ажратиш масалалари бўйича комиссия томонидан тасдиқланмагани муносабати билан бекор қилинган. 

Бундан кўринадики, суд жараёнида аризачи “Зокир Олимович Халиков” фермер хўжалиги ҳисобида ер майдони мавжуд эмас. 

Демак, Бухоро туман ҳокимининг 2019 йил 28 январдаги №358-сонли қарори билан туман ҳокимлиги захирасидан 98,36 га ер майдонини “Жамол Камол замини” фермер хўжалигига қўшимча ер майдони сифатида ажратиб беришда “Зокир Олимович Халиков” фермер хўжалигининг ҳуқуқлари бузилмаган. 

Шу боис, Бухоро туман маъмурий судининг 2020 йил 20 мартдаги ҳал қилув қарори билан аризачи “Зокир Олимович Халиков” фермер хўжалигининг жавобгар Бухоро туман ҳокимлигига нисбатан Бухоро туман ҳокимининг 2019 йил 28 январдаги №358-сонли қарорининг айрим қисмларини, яъни “Зокир Олимович Халиков” фермер хўжалигига тегишли бўлган 98,36 га ер майдонини қўшимча ажратиб берилган қисмини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги аризаси қаноатлантиришдан рад қилинган.

Сўнгра, аризачи “Зокир Олимович Халиков” фермер хўжалиги Бухоро туман маъмурий судининг 2020 йил 20 мартдаги ҳал қилув қароридан норози бўлиб, Бухоро вилоят маъмурий судига кассация шикояти келтирган.   

Бухоро вилоят маъмурий суди кассация инстанциясининг 2020 йил 3 июлдаги қарори билан Бухоро туман маъмурий судининг 2020 йил 20 мартдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган аризачининг шикояти эса рад қилинган. Мазкур ҳолатда аризачи “Зокир Олимович Халиков” фермер хўжалигининг аризаси биринчи инстанция ва кассация тартибида иши кўриб чиқилганидан кейин назорат тартибида Олий судга мурожаат қилиши мумкин.

НЕГА ҲОКИМЛИК БИРИНЧИ ДАЪВОГАР ФЕРМЕРНИНГ ИШЛАШИГА ҚАРШИ?

Мурожаат ва унга тақдим этилган жавоблардан кўринадики, фермернинг аризасига асосан бекор қилинган шартнома машмашаларга сабаб бўлган. Икки томонлама шартноманинг бекор қилиниши ҳақидаги қарорни ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги фермернинг аризасини бир неча суд инстанциялари томонидан маъқулланган. Даъвогар фермер фойдасига ҳоким қарорининг ҳақиқий эмас деб топилиши юзасидан суднинг биринчи инстанциясида қаноатлантирилган даъво ва кейинги инстанцияларда ҳам ўзгаришсиз қолдирилган қарорга қарамай, нега  жавобгар ҳокимлик тиш-тиронғи билан ерни қайтариб олиш ҳаракатида? Агар фермер ўзининг таъкиди билан айтганда, белгиланган мақсадда фойдаланаётган ва натижалари ҳудуд иқтисодий ривожига ҳисса қўшаётган бўлса, мазкур низоли ер майдонини нега биринчи даъвогарда қолишига ҳокимлик қарши чиқмоқда? Судья томонидан тақдим этилган маълумотларда шунингдек, 2018 ва 2019 йилларда биринчи даъвогар фермерга ижарага берилган ер 2020 йилда кадастр тақдимномасига асосан вилоятнинг тегишли комиссияси томонидан тасдиқланмаган бўлиб қолди? Биздаки, шунча саволлар туғилди, демак, даъвогар фермернинг низоли масаладаги мурожаатлари бежиз эмас...

БОШ ПРОКУРАТУРАГА ТАҚДИМНОМА КИРИТИЛГАН

Юқоридаги очиқ саволларга жавоб олишни истаган фуқарони Бухоро туманида бўлиб ўтган Бош прокурор ўринбосари – Ўзбекистон Ҳарбий прокурорининг сайёр қабулига йўналтирдик. Фуқаронинг қабулда қилган мурожаати кўриб чиқилди.

Бобур КАМОЛОВ, Бухоро вилоят прокурорининг ўринбосари:

— Вилоят прокуратураси томонидан 2020 йил 25 сентябрда “Зокир Олимович Халиков” фермер хўжалиги манфаатида мазкур маъмурий иш бўйича суд қарорларини бекор қилиб, аризачининг талабини қаноатлантириш ҳақида янги ҳал қилув қарори чиқариш тўғрисида назорат тартибида протест келтиришни сўраб, Бош прокуратурага тақдимнома киритилган.

“НАЗОРАТ ТАРТИБИДА ПРОТЕСТ КЕЛТИРИЛДИ”

Ҳаёт ШАМСУТДИНОВ, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи:

— 2020 йил 28 октябрь куни Бош прокурор ўринбосари томонидан Олий суди маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига назорат тартибида протест келтирилди. Ҳозирда судда кўриб чиқилмоқда.

  • МАВЗУГА ОИД

МАЪМУРИЙ СУДЛАРГА АПЕЛЛЯЦИЯ, КАССАЦИЯ, НАЗОРАТ ТАРТИБИДАГИ ШИКОЯТ БЕРИШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?

— Маъмурий судларга  Маъмурий судларда иш юритиш тўғрисидаги кодекснинг 202-моддасига асосан агар қонунда бошқа муддат белгиланмаган бўлса, апелляция шикоя­ти (протести) ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан 20 кун ичида берилиши мумкин.

Кодекснинг 227-моддасига асосан кассация шикояти (протести) суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин 1 ой ичида берилиши мумкин. Кассация шикояти (протести) беришнинг ўтказиб юборилган муддати шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича кассация инстанцияси суди томонидан, агар илтимоснома ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан 6 ой ичида берилган ва кассация шикоятини (протес­тини) бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин.

Мазкур кодекснинг 252-моддасига асосан назорат тартибидаги шикояти (протест) ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан 1 йил ичида берилиши мумкин. Назорат шикояти (протест) бевосита Ўзбекистон Рес­публикаси Олий судига берилади.

СИЗДА ҚАНДАЙ МУАММОЛИ МАСАЛАЛАР БОР? МУТАХАССИС ОРҚАЛИ ЖАВОБ ОЛИШНИ ИСТАЙСИЗМИ? (+99895) 194-64-16 РАҚАМИГА ҚЎНҒИРОҚ ҚИЛИНГ ЁКИ ШУ РАҚАМДАГИ ТЕЛЕГРАМ МАНЗИЛИ - @darakchipochta ГА МУРОЖААТЛАРИНГИЗНИ ЙЎЛЛАНГ.

УНУТМАНГ, "ДАРАКЧИ" ХАЛҚ БИЛАН, ХАЛҚ ИЧИДА! 

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади

МАНБА: "ДАРАКЧИ" ГАЗЕТАСИ (№43 (1122) 26.11.2020)

    Бошқа янгиликлар