Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори эълон қилинди.
Ўзбек адабиёти ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган атоқли шоир, таниқли жамоат арбоби, Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси муаллифи, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг бетакрор ижодий мероси, унинг Ватанга муҳаббат, вафо ва садоқат туйғусини, олижаноб инсоний фазилатларни мадҳ этган етук бадиий асарлари, сермазмун ҳаёти ва ижтимоий фаолиятининг халқимиз маънавиятини юксалтириш, ёш авлод тарбиясидаги беқиёс ўрни ва аҳамиятини инобатга олиб ҳамда таваллудининг 80 йиллигини муносиб нишонлаш ва хотирасини абадийлаштириш мақсадида:
- 2021 йил март ойининг учинчи ўн кунлигида Ўзбекистон Халқаро анжуманлар саройида Абдулла Орипов хотирасига бағишланган тантанали адабий-бадиий хотира кечаси ўтказилади;
- Абдулла Ориповнинг ўзбек тилидаги икки жилдлик “Танланган асарлар”и, қорақалпоқ, рус, инглиз ва бошқа тилларга таржима қилинган шеърий тўпламлари, шунингдек, “Абдулла Орипов замондошлари хотирасида” китоби нашрга тайёрланади ва чоп этилади;
- Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида “Абдулла Орипов ижодий меросининг ўзбек ва жаҳон адабий-эстетик тафаккури тараққиётидаги ўрни” мавзусида халқаро илмий-назарий конференция ўтказилади ҳамда анжуман материаллари алоҳида тўплам ҳолида чоп этилади;
- Тошкент вилояти Қибрай тумани Арғин маҳалласидаги Абдулла Орипов яшаган хонадонда ёдгорлик лавҳаси ўрнатилади;
- Абдулла Ориповнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратилади;
- мамлакатимиз театрларида Абдулла Орипов асарлари асосида спектакллар саҳналаштирилади;
- умумий ўрта таълим муассасалари, ижод мактаблари ўқувчилари ҳамда олий таълим муассасалари талабалари ўртасида Абдулла Орипов ҳаёти ва ижодига бағишланган “Мен нечун севаман Ўзбекистонни?” мавзусида иншолар танловлари ўтказилади;
- Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номидаги ижод мактабида ижод мактаблари ўқувчилари ўртасида “Митти юлдуз жилолари” шеърият беллашуви ўтказилади;
- таълим муассасалари, меҳнат жамоалари, маҳаллалар, ҳарбий қисмлар ҳамда Адиблар хиёбонида таниқли ижодкорлар, олимлар, маданият ва санъат намояндалари иштирокида Абдулла Орипов ижодига бағишланган учрашувлар, давра суҳбатлари, китобхонлик ва шеърият кечалари ташкил этилади.






