Аввал хабар берганимиздек, бугун Халқаро пресс-клубда «Конституция ва қонунчиликда сўз ҳамда матбуот эркинлиги. Ўзбекистонда ОАВни ривожлантириш жараёнлари» мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда Адлия вазири Руслан Давлетов ҳам сўзга чиқди ва сўз эркинлиги масаласида қонунчиликнинг роли масалаларига тўхталди.
"Бир нарсага эътибор қилиш керак, журналист ва блоггерлар олаётган давлат харидлари тўғрисида ёки бошқа маълумотлар қаердан чиқяпти? Давлатнинг ўзи шунга имконият яратиб беряпти яъни очиқлик сиёсати, бюджетни қабул қилиш жараёнлари очиқлиги натижасида бюджетнинг ҳар бир параметрлари омма орасида кенг муҳокама қилиняпти. Ҳуқуқ бор жойда чегара ҳам бўлиши керак, яшаш ҳуқуқида чегара бўлмаслиги керак, у энг олий неъмат. Бошқа ҳуқуқларда айрим чегаралар бўлиши керак. Бу дунё бўйича тан олинган стандарт. Бугунги Ўзбекистон шароитида чекловлар ҳақида камроқ гапиришимиз керак деб ўйлайман, чунки чеклашга жуда устамиз, шу пайтгача буни жудаям зўр уддалаганмиз. Энди ўйлайманки, ҳуқуқни таъминлаш тўғрисида кўпроқ гапиришимиз керак. Кўп қонунлар ҳақида гапирилди, биз мана шу ўзгаришлар жараёнида қандайдир қонунларни қайта кўриб чиқмадик, бу қонунлар бор эди. Уларнинг реализацияси, амалга оширилиши юз бергани учун мана шу ҳолатлар кузатиляпти", - деди Руслан Давлетов.






