Уч кун давомида пойтахтимиздаги "Универсал" спорт саройида ўтказилган ва ҳаяжонли лаҳзаларга бой бўлган дзюдо ва пара-дзюдо бўйича катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати ўз якунига етди.
Мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида жами 500 нафардан зиёд дзюдочилар чемпионат медаллари учун татамига чиқишди.
Ўзбекистон дзюдо федерацияси матбуот хизмати хабарига кўра, уч кунлик беллашувлар якунига кўра умумжамоа ҳисобида (ҳам эркаклар, ҳам аёллар) Хоразм вилояти терма жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Воҳалик дзюдочиларнинг ушбу натижасига аёллар жамоасининг муваффақиятли иштироки замин яратди. Хоразмлик дзюдочилар 4 та олтин, 3 та кумуш, 3 та бронза медалини қўлга киритишди.
Иккинчи ўринни 3 та олтин, 1 та кумуш, 2 та бронза медали билан Сурхондарё вилояти жамоаси банд этди. Кучли учликка 3 та олтин ва 3 та бронза медали билан Тошкент вилояти дзюдочилари якун ясашди.
Тошкент шаҳри жамоаси 2 та олтин, 4 та кумуш, 6 та бронза, Қорақалпоғистон дзюдочилари 2 та олтин, 3 та бронза медалига сазовор бўлишди. Қашқадарё, Андижон, Самарқанд, Бухоро, Навоий, Наманган, Фарғона ва Жиззах вилояти терма жамоалари ҳам кумуш ҳамда бронза медалларига эга чиқишди.