Барча оммавий ахборот воситалари одам савдоси билан шуғулланганлар қонун олдида жавоб бераётганини бот-бот ёритишмасин, минг афсуски, бундай жирканч иш билан шуғулланувчилар ҳамон учраб турибди. ана шундай ҳолатлардан бири Сирдарёда содир бўлди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Хусусан сирдарёлик А.Ўринбоева 9 ой, 9 кун, 9 соат вужудида сақлаб юрган жигарбандини дунёга келтирди. Аллоҳ унга дунёдаги энг бебаҳо неъмат – шириндан-шакар қиз берди. Лекин у 9 ой вужудида кўтариб юриб, ўлим ва ҳаёт орасида турган ҳолда дунёга келтирган фарзандини сотиш эвазига тезда бойиб кетишни ўйлади.
Жорий йилнинг июль ойида ўз ҳамшаҳари Х.Маматқулов билан танишиб, ҳозирда шароити оғирлиги ва моддий томондан қийналганлиги сабабли пул кераклигини, бунинг эвазига ўз фарзанди – 2019 йил 12 июлда туғилган Л.Ўринбоевани 17 минг АҚШ долларига сотишини айтади.
А.Ўринбоеванинг бундай жирканч нияти Х.Маматқуловни бефарқ қолдирмади. У виждонига қулоқ тутиб, бу тубанликнинг олдини олиш мақсадида Департаментнинг Сирдарё вилояти ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаларига ариза билан мурожаат қилади.
– Жорий йилнинг 21 июль куни, кундузи соат 12 лар артофида аризасига асосан Департаментнинг вилоят бошқармаси ва Сирдарё вилоят ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда Гулистон шаҳар, 2-мавзе, Намуна маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “Зомин” тўйхонасининг ёнидаги қурилиши тугалланмаган бинонинг ёнида ўтказилган тезкор тадбир жараёнида, А.Ўринбоева ўзининг 2019 йил 12 июлда туғилган фарзанди Л.Ўринбоевани “махсус харидор”га 17 минг АҚШ долларига сотаётганда қўлга олинган, – дейди жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти судининг судьяси С.Расулов.
Тезкор тадбир давомида А.Ўринбоева ўз боласини “махсус харидор”га топшириб, у томонидан берилган, махсус кимёвий ишлов берилган 17 минг АҚШ доллари миқдордаги пулларни олаётган вақтида қўлга олинган.
Суд, мазкур жиноят ишини ҳар томонлама ва синчковлик билан кўриб чиқиб, А.Ўринбоевани ўз айбига иқрорлигини, бундай жиноятни бошқа содир этмасликка сўз бериб, уни авф этишларини ёлвориб сўраганини инобатга олиб, у Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топилди ва унга ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб, 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.






