Бугун АОКА анжуманлар залида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Давлат-хусусий шериклик асосида маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетишни ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар борасида маълумот берилди.
Тадбирда қайд этилишича, “Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор асосида 2020 йилда ҳудудларни давлат-хусусий шериклик тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига бириктириш бўйича жами 16 та лойиҳа концепциялари тасдиқланиб эълонга қўйилди. Унга кўра 5 та вилоятнинг 34 та туманида маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишлар ДХШ асосида қамраб олинади. Лойиҳа доирасида давлат шериги томонидан 330 та махсус техникалар тақдим этилади.
Ўз навбатида хусусий шерик томонидан жами 293,7 млрд. сўмлик инвестиция киритиш орқали, 385 та махсус техника, 28 та чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш ускуналари ҳарид қилиниши, шунингдек 2720 та янги иш ўринлари яратилишини кўзда тутилган. Лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш натижасида ҳудудларни маиший чиқиндиларни тўплаш ва ташиб кетиш хизматлари билан қамраб олиш даражаси 100 фоизга, чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси 38 фоизга етказилади.
Шунингдек, эълонга қўйилган 16 та лойиҳадан 8 та ДХШ концепция лойиҳалари юзасидан талабгорлардан таклифлар келиб тушмаган. Шунга кўра мазкур лойиҳа ташаббускорлари билан қонунчиликда белгиланган тартибда тўғридан-тўғри ДХШ битими имзолаш юзасидан музокаралар ўтказилиб 5 та лойиҳа бўйича битим лойиҳалари тайёрланди.
Бундан ташқари 8 та лойиҳа юзасидан лойиҳа ташаббускорларидан бошқа тадбиркорлардан қизиқиш билдирилганлиги боис белгиланган тартибда тендер ўтказиш орқали битим тузиш ҳуқуқига эга хусусий шерикни аниқлаш учун тендер ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги билан келишилди.
Ишлаб чиқилган тендер ҳужжатлари бўйича 1-босқичда дастлабки малакани баҳолаш ҳужжатлари талабгорларга юборилди. Тендернинг
1-босқичини 2020 йилнинг 25 декабр кунида, якунловчи 2-босқичини ўтказиш ва ғолибларни аниқлаш 2021 йилнинг 5-10 январ кунларида ўтказиш режалаштирилган.
07.12.2020 12:06
5 та вилоятда маиший чиқинди билан боғлиқ ишлар хусусий шериклик асосида қамраб олинади






