Ижтимоий тармоқларда тарқалган Германияга ишга жойлаштириш билан боғлиқ масалалар юзасидан баёнот берилди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда Германияга олиб келиш ваъдаси билан Ўзбекистон фуқароларидан алдаб пул олаётган фирибгар ҳақида турли маълумотлар тарқади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш излаётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига мувофиқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан юқорида зикр этилган шахсга лицензия берилмаган. Ўз навбатида мазкур фуқаро (UMID_UZEURO телеграм саҳифаси) Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга эмас.
Шу муносабат билан, фуқароларимизни хорижда яшаш ёки ишга жойлаштириш ваколатига эга бўлмаган ташкилотлар ёки шахсларга ишонмасликка, турли кўринишдаги шартномаларни тузмасликка чақирамиз, дейилади баёнотда.






