Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 июндаги “2020-2021 йилларда Сирдарё вилоятининг Боёвут туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган дастур доирасида Боёвут туманида бир қатор бунёдкорлик ишлари амалга оширилиши назарда тутилган эди.
Жумладан, ҳудудда 2020-2021 йилларда рўёбга чиқарилиши режалаштирилган 50 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш натижасида 2632 та янги иш ўрни яратиш, қолаверса, 5 та МТМ, 4 та умумтаълим мактаби реконструкция қилиниши, 2 та соғлиқни сақлаш муассасаси таъмирланиши, туман тиббиёт бирлашмаси 5 турдаги замонавий тиббиёт жиҳозлари билан таъминланиши ҳамда 5 та маданий объект қурилиши режалаштирилган. Дастурни амалга ошириш учун Давлат бюджетидан жами 195 млрд. сўм маблағ сарф қилиниши назарда тутилган.
Аҳамиятлиси, Боёвут туманида қисқа вақт ичида бир қатор эзгу ишлар рўёбга чиқарилди. Хусусан, аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариши учун маскан, оилавий ташриф буюриладиган сайлгоҳ, хотира мажмуалари қурилди. Йўл, коммунал хизмати ва бошқа инфратузилмаларни ривожлантириш, ижтимоий соҳа ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида янги лойиҳалар ишга туширилди.

Бугун, 7 декабрь куни туманда “Ўзбекистоним – шон-шуҳратим, Боёвутим – саодатим!” мавзусида амалий семинар ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева мазкур семинар доирасида бир қатор объектларга ташриф буюрди ҳамда туманда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Хусусан, Сенат Раиси “Боёвут туманини обод марказга айлантирамиз” мажмуасида бўлди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур мажмуа ташландиқ ҳолатда ётган хизмат кўрсатиш шохобчаларининг олд қисмида ташкил қилинган. Бундан кўзланган мақсад боёвутликларнинг кўнглида фаровон ҳаётга бўлган ҳаракатни уйғотиш, уларни обод турмуш қуришдек мақсад сари етаклаш, бу йўлда фаолликка чақиришдан иборат.

Бундан ташқари, парламент юқори палатаси Раиси Т.Нарбаева “Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими”ва “Учтургон” маҳалла фуқаролар йиғини биноларининг очилишида иштирок этди.
Туманда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими яхлит тузилма сифатида фаолият олиб бориши ва коммуникация жиҳатидан қулай жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими янги бинога жойлаштирилди. Ўз навбатида мутахассисларнинг коммуникатив тарзда фаолият юритиши бўлим олдига қўйилган вазифаларни тезкорлик билан бажаришга имконият яратади.

Яна бир жиҳат. Боёвут туманида 26 та кўп қаватли уй-жой мавжуд. Ундан 5 таси ҳозирги кунда яшаш учун яроқсиз ҳолга келиб қолган. Шу сабабли туманда уй-жойга эҳтиёжи бўлган кам таъминланган оилалар ва яроқсиз кўп қаватли уй-жойларда яшовчилар учун ижтимоий уйлар ташкил этиш эҳтиёжи бор.
Боёвутликлар ўз олдига мазмунан умумий ётоқхона, лекин кўриниши, ундаги шарт-шароитлар билан хусусий кўп квартирали уй-жойлардан қолишмайдиган ижтимоий уй-жойларни ташкил қилишни мақсад қилган эди.

Тумандаги 1-сонли касб-ҳунар мактаби тасарруфидаги 4 қаватли ётоқхона биноси Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги розилигида туман ҳокимлиги балансига ўтказилди.
Яроқсиз кўп қаватли уй-жойларда яшовчи фуқароларни тез муддат ичида замонавий шарт-шароитларга эга бўлган уй-жойлар билан таъминлаш мақсадида ётоқхона биносини реконструкция қилиш ишлари бошлаб юборилди.
Ижтимоий уй 27 та 1 хонали, 53 та 2 хонали, жами 80 та квартирага эга. Бунга 7,0 млрд. сўмдан ошиқ маҳаллий бюджет маблағлари йўналтирилмоқда.

Сенат Раиси мазкур жараённи кўздан кечириб, мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.
Навбатдаги манзил – “Стелло мода” текстил маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 июндаги “2020-2021 йилларда Сирдарё вилояти Боёвут туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Боёвут шаҳарчаси ҳудудидаги бўш турган давлат объекти ўрнида “Стелло мода” МЧЖ томонидан қиймати 2,5 млрд. сўм бўлган тикувчилик фабрикаси ташкил этиш белгиланган эди.

5 ой муддатда бино қайта реконструкция қилиниб, 500 та иш ўрни ва йилига 18 минг дона трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга фабрика қуриб битказилди.
Ҳозирда 350 нафарга яқин хотин-қизлар меҳнат қилиб келмоқда. Мазкур лойиҳа 2021 йил якунига қадар тўлиқ ишга тушиши назарда тутилган. Лойиҳа ташаббускорининг саъй-ҳаракати билан шу йилнинг ноябрь ойидан бошлаб босқичма-босқич ишга туширилмоқда.
Корхонада ишлаб чиқарилган тикув-трикотаж маҳсулотлари Италия, Россия, Чехия, Беларусь ва Қозоғистонга экспорт қилиниши режалаштирилган.
“Стелло мода” МЧЖ томонидан келгусида шу ўз ҳудудда қўшимча 100 иш ўринли тикув цехи қуришни ҳам назарда тутилган ва бунинг учун амалий ишлар бошланган.
Шундан сўнг Сенат Раиси “Боёвут техно кластер” МЧЖ томонидан барпо этилаётган ип калава ишлаб чиқариш фабрикаси фаолияти билан танишди.
Боёвут туманида 2020 йил 32 минг тоннадан ошиқ пахта хом ашёси етиштирилди. Яқин йилларгача пахта хом ашёси тола сифатида сотилган.
.jpg)
Хом ашёдан тайёр маҳсулотгача бўлган циклни ўз ичига олувчи ишлаб чиқариш занжирини яратиш мақсадида тумандаги ғўза парваришланадиган майдонлар Ҳукумат қарори асосида “Боёвут техно кластер” МЧЖга бириктирилди.
Етиштирилган пахта ҳосилини туманнинг ўзида қайта ишлаб ва тайёр маҳсулот даражасига етказиш йўлида кластер томонидан амалий ишларга қўл урилди. Умумий қиймати 20,0 млн. АҚШ долларига тенг ип йигирув фабрикаси қурилиши 2020 йилнинг июль ойида бошланди. Лойиҳа амалга ошиши билан 900 та янги иш ўринлари яратилади.
Корхона фаолиятини бошлагач биринчи йилда ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг 70 фоизини экспортга йўналтириш режалаштирилган.
Лойиҳанинг иккинчи босқичида ип-калавадан мато ишлаб чиқариш, учинчи босқичида эса матога ранг бериш ва гул босиш цехлари ишга туширилади.
Боёвут туманининг марказидан оқиб ўтувчи Жанубий Мирзачўл канали қирғоғида замонавий кўринишдаги майдон барпо қилинди.

Майдонни янгитдан барпо этишдан ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини бахтли оила ва нурли келажагимиз тимсолига айлантириш бош мақсад бўлган. Натижада ушбу майдон сув бўйида ўзининг замонавий меъморий ечими билан сўлим сайилгоҳ, мўъжаз зиёратгоҳга айланди.
Қолаверса, туман ҳокимлиги биносига яқин жойлашган ҳудуд қайтадан реконструкция қилиниб, унинг марказида юртимиз байроғи ўрнатилди. Бунга қадар туман марказида аҳолининг маданий ҳордиқ чиқаришлари ва оилавий ташриф буюриладиган сайилгоҳ йўқ эди. “Юрт байроғи” майдони савдо мажмуалари, мусиқий фаввора, ёшлар ва нуронийлар масканидан иборат ансамбль туман аҳолисининг оилавий ташриф буюриб, маданий ҳордиқ чиқарадиган сайилгоҳга айланиб улгурди.
Парламент юқори палатаси Раиси Т.Нарбаева мазкур ҳудудларни ҳам кўздан кечириб, аҳолига қулайлик яратиш, уларнинг вақтини мароқли ўтказиш учун барча шароитларни яратиш зарурлигини таъкидлади.
Шунингдек, Сенат Раиси Сирдарё туманидаги 250 дан ортиқ аёллар давлат васийлиги асосида истиқомат қиладиган “Мурувват” аёллар интернатида бўлди. Имконияти чекланган аёллар билан суҳбатлашиб, уларга яратилган шароитларни кўздан кечирди ҳамда совғалар улашди.
Шунинг билан Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаеванинг Сирдарё вилоятига ташрифи якунланди.






