АсосийJamiyat

Тошкентдаги метан заправкаларнинг ишлаш вақтига чеклов ўрнатилди

'Тошкентдаги метан заправкаларнинг ишлаш вақтига чеклов ўрнатилди'ning rasmi

Тошкент шаҳридаги автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларининг газ узатиш графигига 7 декабрдан бошлаб вақтинчалик чеклов ўрнатилди. Бу ҳақда «Ҳудудгаз Тошкент» директори вазифасини бажарувчи Дилшод Ғофуров томонидан газ заправкалари раҳбарларига юборилган хатга таяниб «Gazeta.uz» хабар берди.

Факсограммада қайд этилишича, мазкур қарор ҳаво кескин совуб кетгани сабаб аҳолини, ижтимоий ва стратегик объектларни узлуксиз газ билан таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

Шу сабабли пойтахтдаги 54 та газ заправкасининг барчаси янги жадвал бўйича ишлайди, яъни соат 17:00 дан 05:00 га қадар газ таъминоти узилади.

«Ҳудудгазтаъминот» компанияси ушбу хабарни тасдиқлаган ва автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари иссиқлик таъминоти билан шуғулланувчи корхоналарнинг катта диаметрли газ трубаларига уланганини таъкидлаган.

«Шайхонтоҳур ва Учтепа туманларидаги алоҳида маҳаллалар аҳолисини, шунингдек, Шайхонтоҳур, Учтепа, Чилонзор туманларидаги кўп қаватли уйлар ва ижтимоий объектларни иссиқлик билан таъминловчи иссиқлик марказларини талаб этилган параметрларга мос табиий газ билан таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан АГТШларга табиий газ етказилишини вақтинча чеклаш бўйича қарор қабул қилинди», дейилади хабарда.

«Ҳудудгазтаъминот»нинг аниқлик киритишича, чеклов «магистрал газ қувурларидаги босим нормаллашгунгача» жорий этилади.

    Бошқа янгиликлар