АсосийJamiyat

Хоразмда янги санатория фаолият бошлади

'Хоразмда янги санатория фаолият бошлади'ning rasmi

Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси тасарруфида кексалар ва ногиронлар, уруш ва меҳнат фахрийлари  учун “Урганч” санаторияси фаолият бошлади. Бу ҳақда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Унинг очилиш тадбирида вилоят ҳокимлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари, кенг жамоатчилик ва ОАВ вакиллари, санатория жамоаси иштирок этди.

Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Санъат Салаев, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғнинг ўринбосари Содиқжон Содиқов, санатория бош шифокори Отабой Отажонов ва бошқалар сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 28 йиллиги арафасида ушбу муассасанинг фаолият бошлаши халқимиз учун муносиб туҳфа бўлганини эътироф қилдилар. Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, кексаларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратлиаётганлиги таъкидланди.  

Ушбу санатория  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 июндаги “Протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базасини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони  асосида ташкил қилинди.  

Вилоят саломатликни тиклаш шифохонаси негизида кексалар, ногиронлар, уруш ва меҳнат фахрийлари санаторияси ташкил қилиш мақсадида  муассаса ҳудудида “Хоразм таъминот қурилиш” МЧЖ  томонидан реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Санаториянинг 60 ўринга мўлжалланган қисми  2020 йил 6 декабрдан ишга туширилди. Бу бир йилда вилоятимизда истиқомат қилаётган 1600 нафардан ортиқ пенсионер ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг соғлиқларини тиклаш имкониятини яратди.  

Санаторияда 30 хилдаги физиотерапия муолажалари, сув билан даволаш, жисмоний машғулотлар, соғлом овқаталаниш йўлга қўйилмоқда.  Санатория ҳудудида шифобахш йодли-бронли сув манбаи мавжудлиги бу ерда дам олувчилар соғлиғини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этиши аниқ.  

Шуни таъкидлаш керакки, санатория ҳудудида қурилиш-таъмирлаш, бинони замонавий жиҳозлар билан таъминлаш тадбирлари  2021 йилда ҳам давом этади. Ўринлар сонини 100 тага етказиш, бир йилда 2800 нафар пенсионер ва ногиронлиги бўлган шахсларни соғломлаштириш кўзда тутилган.  

    Бошқа янгиликлар