Юз бераётган қонунбузарликларга оид хабарларни кузатадиган бўлсангиз, арзимаган сабаблар билан жанжаллашиб, бир-бирига тан жароҳати етказиш ҳолатлари ортганлигини сезасиз. Бир қатор шундай ҳолатлар ҳақида Постда хабар берди.
Жумладан Жиззах вилояти Дўстлик тумани Саритепа маҳалласида яшовчи Ш.С. турмуш ўртоғи Ш.Н.ни “Нега одамлар сенга қарайверади”, дея қўли билан юзига уриб, тан жароҳати етказган. Аёл вилоятнинг Пахтакор туманидаги тиббиёт бирлашмасида биринчи тиббий ёрдам олган.
Худди шундай, Дўстлик туманининг «Манас» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи М.О. ўзи сингари киракашлик фаолияти билан шуғулланувчи ҳамқишлоғи Р.Ў.га тан жароҳати етказди. Зўравонга ҳамқишлоғининг у олиб кетмоқчи бўлган йўловчиларни “илиб кетгани” ёқмаган.
Шунингдек, вилоятнинг Пахтакор тумани Боғишамол маҳалласида яшовчи Б.Қ.ни қўшниси Н.С. дўппослади. Н.С.нинг билдиришича, онасини уятли сўзлар билан ҳақорат қилганлиги учун ҳамсоясини жазолаган. Жабрланувчи бош мия чайқалиши, иккала кўз орбитал соҳаси, ўнг юз юмшоқ тўқималари лат ейиши ташхиси билан туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилди.
Фориш туманининг Учқулоч маҳалласида яшовчи Ш.М.га ҳамқишлоғи А.И.нинг гап қайтаргани ёқмаган. Келишмовчилик А.И.нинг бош мия чайқалаши ташхиси билан туман тиббиёт бирлашмасига ётқилиши билан ниҳояланди. Табиийки, ушбу ҳолатлар юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қисқаси, кимдир ўзини босганида, яна кимдир тилига эрк бермаганида, яна бошқа биров ҳар қандай масалани куч билан ҳал қилиш мумкинлигига ишонмаганида бу кўргулигу ташвишлар йўқ эди.
Худди шундай, ҳамқишлоғу маҳалладошлар ҳамда эр-хотиннинг ўртасидан оқибат қочмаган бўлармиди?..






