Куни кеча ижтимоий тармоқларда синф хонасида пиротехника воситасини ёндириб, атрофдагиларнинг хавфсизлигига рахна солаётган йигит хақида видеолавҳа тарқалди. Синф хонасида ёши улуғ ўқитувчи ҳам бўлганига қарамай, ўқувчи устозини ҳам менсимай, пиротехника воситасини портлатган.
Табиийки, бу видеотасвир ижтимоий тармоқларда ҳамда аҳоли орасида турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Ушбу воқеага муносабат билдираётганларнинг аксарияти салбий фикр- мулоҳазалар билдиришди.
Видеолавҳа қаерда ва ким томондан олинганини аниқлаш мақсадида Халқ таълими вазирлиги матбуот котибига мурожаат этилганда у айни дамда бу борада хеч қандай маълумот йўқлиги маълум қилди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳани кўргани ва тасвирда ўқувчилар катта ёшдаги болалар эканлигини айтиб, ушбу масалада Олий таълим вазирлиги билан боғланишимизни маслаҳат берди.
Мавзу юзасидан Zamon мухбири Олий таълим вазирлиги билан ҳам боғланган. Вазирлик вакили айни дамда коллеж ва техникумларда ҳали ўқиш бошланмагани, фақатгина касб-ҳунар коллежларида дарслар бўлаётганини айтиб, воқеага Олий таълим вазирлигининг алоқаси йўқлиги айтган.
Суриштирувларда воқеа Фарғона вилояти Бағдод тумани Матқулобод қишлоғидаги 15-умумий ўрта таълим мактабида содир бўлганлиги аниқланган. 11- синф ўқувчиси Шерқўзиев Жаҳонгир Ғанижон ўғли танаффус пайтида ўқитувчи синф хонасида бўлишига қарамай пиротехника воситасини қўллаган. Ушбу мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаб келаётган Мақсуда Жўраева қуйидаги маълумотларни берди:
– Жаҳонгир Шерқўзиев тарбияси оғир ўқувчи. Икки йилдан буён дарсларни мунтазам қолдиради. Дарс қолдириш сабабини аниқлаштириш мақсадида уйига бир неча бор суриштириб борганимизда, онаси ўғлининг мактабга мунтазам келмаслигидан хабари йўқлигини айтган. Аммо аниқлашимизча бола уйдан “мактабга кетдим” деб чиқиб кетиб, ўқишга келмай, ишлар экан. Шунингдек, онаси турмуш ўртоғининг чет элда эканлиги, фарзандини ёлғиз тарбиялаётганини айтган. Ўқувчи мактабда жуда кўп тартибсизликларга йўл қўяди. Ўқитувчиларни менсимайди, уларга қулоқ солмайди. Икки йил олдин собиқ мактаб директор Аҳроржон Ҳотамовнинг ишдан ҳайдалишига айнан у сабабчи бўлган.
15- умумтаълим мактаби собиқ директори Аҳроржон Ҳотамов эса қуйидагича изоҳ берди.
-Мен ушбу мактабда узоқ йиллар давомида директор лавозимида ишлаганман. Ўқиш давомида Жаҳонгир томонидан бир неча бор йўл қўйилган ахлоқсизликларга гувоҳ бўлганман. Ўша вақтда мобиль уяли телефон билан мактабга келиш тақиқланган эди. Ундан мобиль уяли телефонини олиб қўйганимда ичидан беҳаё тасвирлар ҳам чиққан. Ўша вақтда боланинг ота-онаси хорижда ишлашга кетгани учун боланинг тарбияси билан бувиси шуғулланар эди. Мактаб томонидан бир неча бор тартибга чақирилишига қарамай, ножўя ишлар қилаверди. Икки йил олдин у менга нисбатан куракда турмайдиган тухмат қилиб, ишдан олинишимга сабаб бўлган. Бу туҳматни кўтаролмай бир неча бор жонимга қасд қилмоқчи ҳам бўлганман.
Бўлиб ўтган воқеага айни дамда мактаб директори лавозимда фаолият юритиб келаётган Муяссар Исмоилова ҳам изоҳ берди:
–5 декабрь куни тўртинчи дарсдан кейин бўладиган танаффусда дарс хонасида Шерқўзиев Жаҳонгир томонидан шовқин кўтарилган. Ўз дарс соатини ўтиб, синф хонасидан чиқиб кетган ота тили ўқитувчиси Бегали Муродов шовқинни эшитиб, синф хонасига қайтиб кирган ва ўқувчига қаттиқ танбеҳ берган. Ўқувчи тарбияси оғир бўлгани учун танбеҳдан нотўғри хулоса чиқарган ва гап кўтаролмай, пиротехника воситасини ёқиб юборган. Бу ўқувчи ички ишлар профилактикаси ҳисобида туради. Ички ишлар профилактика инспекторлари билан ҳамкорликда бу ўқувчини тарбияга чақириш масаласида мунтазам шуғулланамиз. Боланинг шу ҳолга келишига ота-онаси ҳам сабабчи, деб ўйлайман.
Ота-она йиллар давомида Россия давлатида ишлаб юришгани натижасида бола тарбияси эътибордан четда қолган, бир сўз билан айтганда, масъулиятсизликка йўл қўйилган. Хозирда пандемия сабаб улар хориждан қайтиб келишган, лекин энди боланинг тарбияси бузилиб бўлган. Биз қўлимиздан келганча хамма чора-тадбирларни кўрмоқдамиз. Жамоатчилик, ота-она ва профилактика инспекторлари билан ҳамкорликда тушунтириш ишларини олиб бормоқдамиз. Келаётган шанба куни туман халқ таълими бўлими ҳамда ички ишлар билан ҳамкорликда жамоатчилик орасида унинг ҳулқини муҳокама қиламиз.
– Ўқувчи пиротехника воситалари ва ёндиргич билан кираверишда назоратдан қандай ўтган?
–Тўғри, эрталабки текширув пайтида ҳар бир ўқувчи назоратдан ўтади. Лекин ўша куни ўқувчи дарсга кеч келган. Назоратчилар дарсдан қолмасин, деб текширмай ўтказиб юборган. Ҳа, эшик олдидаги назоратчилар масъулиятсизликка йўл қўйишган. Педагоглар жамоасида текширув пайтида бўлган барча масъулларнинг йўл қўйган хатолари кўриб чиқилди, ҳар биридан тушунтириш хати олинди.
Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига мувофиқ бола ўз ота-онаси томонидан тарбияланиши, ўз манфаатлари таъминланиши, ҳар тарафлама камол топиши, инсоний қадр-қимматлари ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган. Шунингдек, ҳар бир ота-онанинг масъулиятини ошириш ва оилавий муносабатга нисбатан масъулиятсизлик билан ёндашган ота-оналарга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддаларига биноан жазо чоралари белгилаб ўтилган. Лекин шунга қарамай ота-оналар томонидан масъулиятсизликка йўл қўйиб борилмоқда.
Бугун пул топаман, деб хорижга ишлашга кетаётган, ўз фарзандини эътибордан четдан қолдириб кетаётган ота-оналарга бу воқеа ибрат бўлади, деган умиддамиз. Зеро, мажбуриятларини бажармаган ота-она хатоси учун бола азият чекмаслиги керак. Хулоса эса ўзингиздан.






