2020 йилнинг 4 декабрь куни Навбаҳор тумани “Сармишсой” тоғ тизмаларида туман ИИБ ЖҚБ ва ТЭҚКГ тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида таркибида олтин зарралари бўлган тош-қумларни қазиш учун келган 18 нафар шахс аниқланди.
Тадбир давомида уларга тегишли бўлган қазиш мосламалари, электр энергияси билан таъминловчи движоклар, перфораторлар ҳамда таркибида тилла заррачалари бўлган тош қумлар холислар иштирокида далилий ашё сифатида расмийлаштириб олинди.

Қинғирлик режаси асосида узоқ йўл босган, эгри йўллар орқали бойлик топиш истагида давлат мол-мулкини талон-тарож қилган қоидабузарларнинг исм-шарифи бундан аввал ҳам тергов ҳужжатларида акс этилган. Яъни, бу илк ҳолат эмас. Нафсига қул бўлиш оқибатида давлат мулкига кўз олайтирган, боз устига саломатлигидан кўра моддий бойликни устун қўйган 18 нафар мазкур тиллага ишқибозларига нисбатан қонуний чора кўрилиши таъминланди.

Навбаҳор тумани ИИБ ЖҚБ тезкор ходимининг таъкидлашича, “жорий йил бошидан то бугунги кунга қадар туман ҳудудидаги Сармишсой ва Жизлон тоғ тизмаларида жами 47 маротаба тезкор тадбирлар уюштирилиб, бунда 140 нафар фуқаролар таркибида олтин зарраси мавжуд бўлган тош ва қумларни қазиб олаётгани аниқланган. Ушбу фуқароларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг тегишли моддалари билан жавобгарликка тортилган. Ушбу ҳолатларда қоидабузар фуқаролардан жами миқдорда 235 млн сўм пул маблағлари ундирилган. Бу каби тезкор-қидирув тадбирлари мунтазам олиб борилмоқда.”

Ойни этак билан ёпиб бўлмагани каби бугун тилла васвасасига тушган гуруҳнинг қилмиши ҳам гарчи кимсасиз чўлу-биёбонларда содир этилса-да, ошкор бўлди. Таъкидлаш жоиз, ўз иқтисодий етишмовчилигини рўкач қилиб, давлат мол-мулкини талон-тарож қилиш ҳеч бир қоидабузарни жазодан озод бўлишига асос бўлмайди. Зеро, қонун барча учун баробар.
Ширингул АСОЕВА, Навоийдан махсус тайёрланди






