9 декабрь-Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни эди. Шу муносабат билан Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш қўмитаси томонидан "Ўзбекистон коррупцияга қарши курашиш соҳасида: ютуқлар ва муаммолар" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Бу ҳақда депутат Расул Кушербаев шахсий блогида ёзиб қолдирган.
Тадбирда қатнашган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вакилларининг билдиришича, 2021 йилдан бошлаб фуқаролар коррупция ҳолатлари ҳақида Агентликни хабардор қилиш имконини берувчи махсус мобил дастур ишга туширилар экан.
Ушбу вазифа Президентнинг шу йил 29 июндаги ПФ 6013-сонли Фармонида белгилаб берилган эди.
Мобил дастур ёрдамида фуқаролар коррупция ҳақида мобил телефон орқали қулай ва осон йўл билан мурожаат юборишлари мумкин бўлади.
Бу ижобий ҳаракат албатта. Бироқ бундай мурожаат юборган шахснинг шахси сир сақланиб, таъқиблардан ҳоли бўлишига тўлиқ кафолат ҳам керак.






