Бугун, 9 декабрь куни Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг видеоконференцалоқа тарзида мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, транспорт вазирликлари ва Навоий вилояти ҳокимлиги томонидан “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонуни ижро этилиши ҳолати муҳокама қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Матбуот хизмати хабар қилди.
Мажлисда Сенат аъзолари, тегишли вазирликлар, ҳокимлик мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Дастлаб Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигида “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонун ижроси ҳолатига эътибор қаратилди.

Президентнинг тегишли қарорига асосан кўп қаватли уйлар олдидаги болалар майдончасини таъмирлаш ва қуриш, ирригация тизимини таъмирлаш, пиёдалар йўлакчасини бетонлаш ҳамда ёритиш нуқталарини таъмирлаш каби тадбирлар учун режалаштирилган 61,7 млрд. сўмдан бажарилган иш ҳажмига кўра 34,9 млрд. сўм, яъни 56,5 фоиз маблағ ўзлаштирилган.
Йўл хўжалиги тадбирларини молиялаштириш учун жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига 1 257,0 млрд. сўм молиялаштирилган.
Маҳаллий бюджет даромадлари бўйича 907,7 млрд. сўм прогноз, 1035,9 млрд. сўмга (114,1%) бажарилиб, маҳаллий бюджет ихтиёрида 128,2 млрд. сўм маблағ қолган.
Вилоят маҳаллий бюджетининг харажатлар қисми режаси 1321,1 млрд.сўм бўлиб ҳақиқатда 1 290,3 млрд.сўмга молиялаштирилиши таъминланиб, режа кўрсаткичи 97,7 фоизга ижро этилган.

Ҳисобот даврида бюджет маблағларидан фойдаланишнинг ҳолати бўйича ўтказилган 101 та назорат тадбирларидан 66 тасида 1 710,9 млн. сўмлик ноқонуний харажатлар аниқланган.
Мактабгача таълим тизимининг 6 та ташкилотида йўл қўйилган 189,0 млн. сўмлик ноқонуний харажатларнинг 157,8 млн. сўми бюджетга қайтарилган.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тизими ташкилотлари томонидан 94,8 млн. сўмлик ноқонуний харажатларга йўл қўйилган.
Мажлисда Қонун талабларига биноан бюджет интизомини мустаҳкамлаш, бюджет маблағларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, бюджет жараёни иштирокчиларининг масъулияти ва жавобгарлигини ошириш, маблағлар сарфланиши юзасидан давлат молиявий назоратини кучайтириш вазифаларига эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан Сенат қўмитасининг тегишли қарорлари қабул қилинди, дейилади хабарда.






