Қашқадарё вилояти бўйича ер ҳисобини юритиш ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ишлари қониқарсиз олиб борилгани сабабли Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 мартга қадар Қашқадарё вилоятида кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаган кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказилмоқда. Бунинг учун Учувчисиз учиш қурилмалари (дрон)дан фойдаланилмоқда.
Aйтиш керакки, хатловлар якунида мавжуд бино ва иншоотлар ҳамда ер турлари, ўлчами, чегараси ва ҳуқуқ эгалари ҳақидаги барча маълумотлар Кадастр агентлигининг онлайн геопорталига киритилишини ташкил этади.
Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ Қашқадарё вилоятида 2020 йил 25 ноябрдан бошлаб 2021 йил 1 мартга қадар хатлов жараёнида кўчмас мулк объектларига яшил, сариқ ва қизил кадастр йиғмажилдини (паспортини) тайёрлаш тизими жорий этилади.
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлган кўчмас мулк объектларига яшил кадастр йиғмажилди (паспорти) тайёрланади.
Ер участкаси, бино ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилмаган кўчмас мулк объектларига сариқ кадастр йиғмажилди (паспорти) тайёрланади.
Ҳуқуқи белгиланмаган ва ер участкаларидан ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатларсиз фойдаланилаётган, ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотларга қизил кадастр йиғмажилди (паспортини) тайёрланади.
Айни пайтга қадар Қашқадарё вилоятининг 1 миллион 375 минг 114 гектар ер майдони хатловдан ўтказилди.
Статистикага кўра, хатловдан ўтказилган ер майдонларида 333 минг 230 та фойдаланувчилар ҳақидаги маълумотлар шакллантирилган.
Шунингдек, 3 декабрь ҳолатига 3094 та янги обеъктлар кадастр мутахассислари томонидан аниқланган бўлиб, улар жами 397 гектар ер майдонида жойлашган.
Хатлов якунига кўра, ҳудуд инфратузилмасини ўз ичига олган интерактив электрон харита яратилиши белгиланган.