АсосийJinoyat

Навоийда ҳокимни судга берган фермер суд мажлиси белгиланган кунга етмай сирли ўлим топди

'Навоийда ҳокимни судга берган фермер суд мажлиси белгиланган кунга етмай сирли ўлим топди'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда Навоий вилоятининг Хатирчи туманида маҳаллий фермерлардан бири сирли ўлим топгани айтилмоқда. Унга кўра, фермер туман ҳокимининг унга берилган ер майдонига оид ижара шартномасини бекор қилиш ҳақидаги қарори устидан судга мурожаат қилган. Бироқ суд мажлиси белгиланган санага етмай фермернинг жасади туманнинг Полвонота МФЙ ҳудудидан ўтган ариқдан топилган.

Воқелик бўйича «Xabar.uz» сўровига жавоб берган, Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилишича, фермернинг жасади жорий йилнинг 5 ноябрь куни ариқдан (тан жароҳатларисиз) топилганини тасдиқлаган. Шунингдек, ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, натижасига кўра, жиноят иши қўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилинганини ҳам билдирган.

Суд-тиббий экспертизаси фермернинг ўлими юрак нафас йўлларининг сув билан беркилишидан келиб чиққан механик асфекциядан келиб чиққанлиги ҳақида хулоса берган.

Маҳкама матбуот хизмати раҳбарининг алоҳида қайд этишича, марҳумнинг қариндошларида турли шубҳалар туғилаётгани, уларнинг важларини тўлақонли текширилишини таъминлаш мақсадида жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги қарор бекор қилинди. Ҳозирда қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.

    Бошқа янгиликлар