Президент томонидан берилган алоҳида топшириққа мувофиқ, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини манипуляция қилиш, уларга бўлган сунъий танқисликни вужудга келтиришга қарши курашиш орқали нархларнинг барқарорлигини таъминлаш борасида прокуратура органлари томонидан барча зарурий чоралар кўриб келинмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати хабарида айтилган.
Республика деҳқон бозорларига прокуратура ходимлари бириктирилиб, улар доимий асосда нархларнинг барқарорлигини таъминлаш, ишлаб чиқарувчиларни деҳқон бозорларига тўсқинликсиз кириб келиши ҳамда бу борадаги коррупцияга қарши курашиш тадбирлари амалга оширилмоқда.
Нархларни доимий ўрганилиши натижалари бўйича нарх ошиши эҳтимоли юқори бўлган ҳудудларга 220 минг тонна маҳсулотлар келтирилиб, нархлар мўътадиллаштириб борилди.
Шунингдек, деҳқон бозорларида 1 830 та раста ва савдо нуқтадан иборат озиқ-овқат маҳсулотларининг арзонлаштирилган ярмаркалари ташкил этилиб, уларда маҳсулотлар бошқа расталарга нисбатан арзон сотилмоқда.
Кўрилаётган бу каби чоралар нархларнинг асоссиз ўсиб кетишини олдини олишга хизмат қилмоқда.
Қиш-баҳор мавсумида захира тадбирларини ташкил этишнинг моддий асослари яратилиб, тасдиқланган графикка мувофиқ, маҳаллий ҳокимликлар томонидан бугунги кун ҳолатига 791,4 минг тн. ёки режага нисбатан 99,6 % асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг захираси жамғарилди.
Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида кичик экобозорларни ташкил этиш бўйича зарур ер майдони ажратилиб, тармоқ жадвалларига мувофиқ 10 декабрь ҳолатига уларнинг 363 таси фойдаланишга топширилди.
Нархларни асоссиз ошириш ҳолатларига нисбатан ўтказилган тадбирлар натижасида маҳсулотни қиммат сотилишининг олди олиниб, жиддий қонунбузилиш ҳолатлари бўйича жиноят ишлари қўзғатилмоқда.
Ҳозирда маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда Янги йил байрами арафасида арзонлаштирилган маҳсулотлар ярмаркаси ўтказиладиган жойлар белгиланиб, деҳқон-фермерларни бириктириш ишлари амалга оширилмоқда.
Озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг барқарорлигини таъминлаш бўйича ишлар прокуратура органлари томонидан алоҳида назоратга олинган.
Янги йил байрами арафасида ижтимоий аҳамиятга эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллигининг вужудга келмаслиги ҳамда нархларнинг мўътадил сақланишини таъминлашга прокуратура органлари кафолат беради.
Фуқаролар асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг асоссиз равишда оширилиш ҳолатларига, шунингдек ишлаб чиқарувчилар, фермерлар, деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгалари деҳқон бозорларида ўз маҳсулотларини сотишда турли тўсиқларга дуч келган тақдирда Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг 71 233 10 07 рақамли ишонч телефонига мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз, дейилади хабарда.






