АсосийSport

5 йилга футболдан четлатилган Илҳом Мўминжонов «Нефтчи» бош мураббийига айланади

'5 йилга футболдан четлатилган Илҳом Мўминжонов «Нефтчи» бош мураббийига айланади'ning rasmi

Фарғонада ўтган «Нефтчи» - «Турон» (0:1) учрашувидан кейин юз берган тартибсизликлардан сўнг истеъфога чиқарилган «Нефтчи» бош мураббийи Абдусамад Дўрмонов ўрнига янги бош мураббий иш бошлайдиган бўлди. Бу ҳақда Tribuna.uz ёзди.

Маълум қилинишича, Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Хайрулло Бозоров «Нефтчи» клуби бош мураббийи лавозимига Илҳом Мўминжонов билан келишувга эришган. Мураббий олдига 2021 йилда «Нефтчи» клубини барқарор жамоага айлантириш вазифаси қўйилган. Суперлигага ўтиш ўйини «Нефтчи» - «Андижон» баҳсида Фарғона клубини ёрдамчи мураббийлар Хислат Чилматов ва Сергей Лебедов бошлаб тушиши кутилмоқда, Мўминжонов эса дисквалификацияси муддати тугайдиган 2021 йилнинг январь ойидан расман клубни қабул қилиб олади. 

Мураббий ҳозирга келиб Суперлиганинг бир қатор футболчилари билан музокара ўтказган. «Нефтчи» жамоаси тартибсизликлар учун узоқ муддатга четлатилган аксарият футболчилар билан хайрлашади ва уларнинг ўрнига янги ўйинчилар чақирилади.

Қайд этиш жоиз, Хайрулло Бозоров Наманган вилояти ҳокими сифатидаги фаолияти давомида ҳам 2017 йилда Илҳом Мўминжоновни «Навбаҳор» клуби бош мураббийи сифатида тайинлаган ва наманганликлар ўша мавсумда 5-ўринни эгаллашганди.

Бироқ икки йиллик фаолиятидан кейин Мўминжонов «Навбаҳор» футболчиларни ўйинни сотишга ундаги учун 2019 йилнинг апрелида ЎФА Этика қўмитаси томонидан 50 миллион сўм миқдорида жарима тортилган ва 5 йил муддатга футболга оид ҳар қандай фаолиятдан четлатилган эди. 2020 йилнинг 3 январида эса «Сурхон» футбол клуби Этика қўмитасига Илҳом Мўминжонов ишини қайта кўриб чиқишни сўраб мурожаат қилган. Мурожаат ЎФА Этика қўмитаси томонидан ўрганиб чиқилгач, Илҳом Мўминжоновнинг дисквалификация муддатини қисқартирган ва бу чеклов 2020 йилнинг 31 декабрига қадар амал қилади. Шу тариқа Мўминжоновнинг 5 йиллик дисквалификацияси 1 йил, 9 ой деганда якунига етадиган бўлди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, «Қорақалпоғистон Республикасида профессионал футболни ривожлантириш, «Орол» футбол жамоасини қўллаб-қувватлаш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда кадрлар салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси эълон қилиниб, 2021 йилдан бошлаб «Орол» жамоасининг Суперлигада истисно тариқасида иштирок этишини таъминлаш кўзда тутилган. Натижада, 2021 йилги Суперлига иштирокчилари сони биттага кўпайиб, формат сабабли 16тага айланади. Лиганинг 16-жамоаси қайси клуб бўлиши ҳозирча номаълум.

    Бошқа янгиликлар