Халқ таълими вазирлиги томонидан Республикамизда илк маротаба математика фани ўқитувчилари ўртасида олимпиада ташкил этилмоқда. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Олимпиадада умумий ўрта таълим муассасалари, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлигига қарашли таълим муассасалари, академик лицей ва касб-ҳунар мактаблари, нодавлат таълим муассасаларининг математика фани ўқитувчилари иштирок этади.
Олимпиаданинг ҳудудий босқичи Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва бошқа вилоятларда жорий йилнинг 12-13 декабрь кунлари, Хоразм вилоятида эса 19-20 декабрь кунлари бўлиб ўтади.
Олимпиаданинг илк кунида иштирокчиларга 120 дақиқа вақт белгиланади ҳамда 20 та ёпиқ (20 балл) ва 20 та очиқ (30 балл) жами 40 та тест топшириқлари берилади. Тест натижаларига кўра энг юқори натижаларни қайд этган 50 нафар иштирокчилар олимпиаданинг ёзма иш босқичида қатнашади. Ёзма иш турли қийинчилик даражасидаги 5 та топшириқдан иборат бўлиб, уларнинг 2 таси 8 балл билан, 2 таси 10 балл билан ҳамда охирги бир топшириқ 14 балл билан баҳоланади(жами 50 балл). Иштирокчиларнинг икки тур бўйича баллари умумлаштирилиб, 5 нафар ғолиблар аниқланади ва улар республика босқичида иштирок этиш имкониятига эга бўладилар.
Ўқитувчилар ўртасида Математика фанидан Республика олимпиадаси ҳар йили икки босқичда ўтказилади. Олимпиаданинг Республика босқичи февраль ойида ўтказилиши режалаштирилган.






