Республикамизнинг сув таъминоти соҳасига Жанубий Корея тажрибаси олиб кирилмоқда. Бу ҳақда "Ўзсувтаъминот" АЖ ахборот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг биринчи ўринбосари, «Ўзсувтаъминот» АЖ бошқаруви раиси Соҳиб Саифназаров бошчилигидаги делегация 9-10 декабрь кунлари Корея Республикасига сафар қилди.
Корея Республикаси Экология ва атроф-муҳит вазирлигида ўтган учрашувда сув таъминоти соҳасида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Учрашув якуни бўйича томонлар ўртасида ҳамкорлик меморандуми, Тошкент шаҳар Миробод туманидаги эскирган сув қувурларини модернизация қилиш бўйича пилот лойиҳасини Жанубий Корея ҳукуматининг грант маблағлари ҳисобидан молиялаштириш ҳақида келишув ҳам имзоланди.
«Ўзсувтаъминот» АЖ ва K-Water DK ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжат сув таъминоти соҳасига янги билимлар ва ноу-хаулар олиб кириш, Жанубий Корея тажрибасини қўллашда «Ўзсувтаъминот» АЖнинг техник ва бошқарув салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, Тошкентда технологиялар трансфери ва малака ошириш бўйича махсус марказ қуриш, унинг илмий-услубий ва техник жиҳозлаш, Ўзбекистон ҳудудларида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида сув таъминотини яхшилаш лойиҳаларини биргаликда тайёрлаш ва ичимлик суви сифатини оширишда илғор тажрибаларни жалб қилиш ҳам меморандумнинг асосий мақсадларидандир.
Бундан ташқари, эришилган келишувга кўра, 2021 йилда Тошкент шаҳрида K-Water давлат компаниясининг мунтазам ишлайдиган вакиллиги ташкил этилади.
Сув ресурсларини бошқариш соҳасида кадрлар тайёрлаш институти раҳбарияти билан бўлган музокараларда эса Тошкент шаҳрида да сув таъминоти соҳаси ходимларининг малакасини оширишга қаратилган махсус марказ қуриш масаласи кўриб чиқилди.
Жанубий кореялик ҳамкорлар бошқарув ва ишчи ходимлар учун махсус ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон ОТМларига ўқитувчиларни тайёрлаш бўйича ёрдам беришга тайёрлигини билдиришди.






