ЎзМТДПнинг халқ депутатлари Мирзо Улуғбек туман кенгашидаги депутати Жаҳонгир Зияев “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида” Қонунда белгиланган ваколатидан фойдаланиб, “Қорасу-1” даҳаси “Янги ҳаёт иккинчи”, “Янги ҳаёт учинчи”, ”Янги ҳаёт тўртинчи” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати (ХУЖМШ) раҳбари Э.Халиковани “Депутат сўрови”га ўз вақтида жавоб қайтармагани учун судга берди. Бу ҳақда ЎзМТДП Мирзо Улуғбек туман кенгаши матбуот хизмати хабар берди.
Гап шундаки, депутат Ж.Зияев Чимён маҳалласидаги ушбу ширкатга қарашли бўлган 10 та кўп қаватли уйнинг (22-31-уйлар) ертўласидаги антисанитария ҳолати бўйича ХУЖМШ раҳбари Э.Халиқовага “Депутат сўрови” юборган. Қонунга кўра, сўровга 10(ўн) кун муддат ичида жавоб қайтарилиши лозим эди. Аммо Э.Халикова орадан қарийб 20 кун ўтса-да, на сўровга жавоб қайтарди, на юқумли касалликлар келиб чиқиши хавфи бўлган муаммони жойига чиқиб ўрганди. Депутатнинг телефон орқали қилган мурожаатларига эса “ЖЭК” раҳбаридан “осмон қўлингда бўлса, ташлаб юбор” қабилида жавоб қайтарилди.
Шундан сўнг Ж.Зияев ХУЖМШ раҳбарини “Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс”нинг 193-моддасига кўра судга берди ва Мирзо Улуғбек тумани Маъмурий суди ушбу ишни кўриб чиқиб, Э.Халиковани айбдор деб топди.
– “Депутат сўрови”га ўз вақтида жавоб бермаслик ёки бошқа шахснинг жавоб қайтариш ҳолатлари жуда кўп учрайди, – дейди депутат Ж.Зияев. – Амалдаги қонунимизда бунга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланган бўлса-да, лекин “ўзбекчилигимиз”га бораверамиз. Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев шу йилнинг 20 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги маърузасида айнан шу масалага тўхталиб: “Парламент ва депутат сўровини кўриб чиқмаганлик ёки кўриб чиқиш муддатини бузганлик учун жавобгарлик чоралари кучайтирилди.
Шунга қарамасдан, афсуски, айрим ҳолларда депутат сўровига раҳбарнинг ўзи эмас, балки унинг ўринбосари, ҳатто бошқарма бошлиқлари жавоб қайтармоқда. Ўзингиз айтинг, қани бу масалада халқ вакилининг обрўси? Парламентга ва депутатга бўлган ҳурмат шуми?” – дея таъкидлаган эди.
Шу маънода, “Депутат сўрови”га ўз вақтида жавоб қайтармаган раҳбарлар тегишли тартибда жазоланмас экан, халқимизни қийнаб келаётган кўплаб муаммолар ечилмай қолаверади.






