Энергетика вазирлиги жорий йилнинг 10 декабрь куни истеъмолчиларни ёқилғи-энергетика ресурслари билан таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маълумот берди.
Хусусан, 10 декабрь куни иссиқлик электр станциялари ва гидро электр станциялари орқали 226 миллион 600 минг киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Шундан республика истеъмолчиларига 217 миллион киловатт-соат электр энергияси етказиб берилган.
Шунингек, 10 декабрь куни ҳудудий газ таъминоти корхоналари томонидан истеъмолчиларга жами 94 миллион 696 минг куб метр табиий газ етказиб бериш режалаштирилган бўлса, амалда 106 миллион 23 минг куб метр табиий газ етказиб берилди. Шу билан бирга, республика истеъмолчиларига жами 2 минг 215 тонна суюлтирилган газ етказиб берилган.
Истеъмолчиларни кўмир ва брикет маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида 10 декабрь куни “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти томонидан 13 минг 856 тонна маҳаллий кўмир маҳсулотлари етказиб берилган.
Иссиқлик электр станцияларидаги барча энергоблоклар ўз номинал қувватида ишламоқда. Иш режими бўйича эътирозлар мавжуд эмас.
Корхоналарда қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари режалаштирилган режимда олиб борилмоқда. Барча корхоналарда 24 соатлик навбатчилик ташкил қилинган.
Энергетика вазирлигининг навбатчилик қисмига электр энергияси таъминоти бўйича истеъмолчилар томонидан Қашқадарё ва Фарғона вилоятларидан мурожаатлар келиб тушди. Мурожаатлар ҳудудлардаги масъул мутахассислар томонидан тезкор равишда ижобий ҳал этилди, дейилади вазирлик ҳисоботида.
Шунингдек, Тошкент шаҳрининг Миробод тумани “Қўйлиқ 1” даҳаси “Толариқ” кўчасида (Янгиобод бозори) Яшнобод тумани 5-мавзе, Яккасарой тумани “Ракатбоши” МФЙлари, шунингдек, пойтахтнинг бошқа туманларидан газ босимининг пастлиги бўйича истеъмолчилардан мурожаатлар келиб тушган. Ҳозирда барча авария-тиклаш бригадалари ва масъул мутахассислар томонидан табиий газ босимини меъёрлаштириш чоралари кўрилмоқда.
Шу ўринда истеъмолчилардан иситиш мосламаларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишингиз, газ ускуналаридан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига қаттиқ риоя қилишингизни сўраймиз.
Вазирлик ахборот хизмати агар электр энергияси таъминоти билан боғлиқ масалалар бўйича 1154 ҳамда газ таъминоти масалалари бўйича 1104 қисқа телефон рақамларига мурожаат қилиш мумкинлигини эслатади.






