Ҳукуматнинг «Корея консорциумининг инвестиция лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳрида тиббиёт кластерини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Тошкент шаҳрида 400 ўринли, кунига 3500 амбулатор ташрифга мўлжалланган Тиббиёт маркази, шунингдек, қуввати 2400 талаба (бакалавр, магистр)га таълим беришга мўлжалланган Корея тиббиёт университетининг филиалини ўз ичига олган умумий қиймати 135,2 миллион АҚШ доллари бўлган тиббиёт кластерини яратиш бўйича таъсисчилари Uclone&SNS Korea Inc, KIND бизнес гуруҳи, KDBank акциядорлик гуруҳи, Shinhan Bank, K-Exim Bank, Кореянинг Чунг-Анг университети бўлган Корея консорциумининг тўғридан-тўғри инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ҳақидаги таклифига розилик берилиши мумкин.
Белгиланишича:
- тиббиёт кластерини қуриш ва фойдаланишга топшириш;
- BLT (build-lease-transfer) «қурилиш – ижара – топшириш» платформаси асосида амалга оширилади ва 25 йилга мўлжалланади, шундан сўнг лойиҳа ўзбек тарафининг Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошқарувига ўтказилади;
- лойиҳа Ўзбекистон Президентининг 2019 йил 13 ноябрдаги ПҚ-4520-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон ҳукумати ва Корея республикаси ҳукумати ўртасидаги битим доирасида амалга оширилади.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига:
- инвесторнинг муайян ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, инвестициялар ҳажми, инвесторга берилаётган имтиёз ва преференсиялар, шунингдек бошқа инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни назарда тутган ҳолда иловага мувофиқ дастлабки техник-иқтисодий кўрсаткичларни ҳисобга олиб, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ва инвестор ўртасида инвестиция шартномасини тузиш;
- инвестиция шартномасидан келиб чиқадиган тарафлар ўртасидаги мажбуриятларнинг бажарилиши устидан назорат ўрнатиш вазифаси юкланади.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги билан биргаликда белгиланган тартибда инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида Тошкент тиббиёт академияси ҳудудида тиббиёт кластери қуриш учун майдони 4,8 гектар бўлган ер участкаси ажратилишини таъминлайди.






