Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Ўзбекистондан ташқарида иш излаётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабар берди.
Қарорга Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни амалга оширишда лицензия талаблари ва шартларига қуйидаги бандлар киритилди:
• ХБА томонидан хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномаларни "labor-migration" ахборот тизимида реал вақт режимида рўйхатдан ўтказиш;
• хизматлар кўрсатиш тўғрисида бажарилган шартномаларга оид архив материалларини шакллантириш ва сақлаш;
• ХБА тўғрисидаги, шунингдек, унинг филиаллари ва ваколатхоналари ҳақидаги маълумотлар ўзгарганлиги тўғрисида лицензияловчи органни 7 иш куни ичида хабардор қилиши.
Бундан ташқари, захирага қўйиладиган маблағларнинг энг кам миқдорига доир талаблар ўзгартирилди. Яъни ариза берувчининг шакллантирилган устав фонди маблағлари ҳисобидан БҲМнинг 8 500 баравари миқдоридаги маблағлар (илгари 50 минг АҚШ доллари эди) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси депозит ҳисобрақамига захирага киритилади.
Шунингдек, лицензия олиш учун аризани кўриб чиқиш тартибига ҳам ўзгартириш киритилди. Унга мувофиқ, ариза берувчи ахборот-коммуникация тармоқлари орқали ЭРИдан фойдаланган ҳолда ариза билан мурожаат этиши лозим бўлади. Барча илова қилинадиган ҳужжатлар, шу жумладан "Ягона миллий меҳнат тизими"га киритилган маълумотлар электрон шаклда тақдим этилади.






