Ижтимоий тармоқларда пойтахтнинг Яшнобод туманида жойлашган 103-сонли ёрдамчи интернат-мактаби тарбияланувчиси калтакланганлиги ҳақида видеоёзув тарқалди.
Хабарларга кўра, 3-в синф ўқувчиси 2-гуруҳ тарбияланувчиси 11 ёшли Абдуғофурова Эъзозахон Умиджон кизи калтакланган. 103 - ёрдамчи интернат мактаб ўқувчисини кечки смена тарбиячилари тезроқ ухламагани сабабли урганлиги айтилган эди.
Ҳолат бўйича Бош прокуратура жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи батафсил маълумот берди.
Аниқланишича, 2020 йил 11 декабрь куни фуқаро К.З. Яшнобод тумани ИИО ФМБга га ариза билан мурожаат қилиб, унда ақли заиф вояга етмаган қизи мактаб-интернатидан тан жароҳатлари билан келганини маълум қилиб, айбдор шахсларга қонуний чора кўришни сўраган.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг маълумотномасига кўра, вояга етмаган қиз танасида “Ўнг елка соҳаси ва ўнг кўкрак соҳаси, ўнг кўкрак соҳаси остки қисмлари юмшоқ тўқималарининг лат ейиши ҳамда кўкариши” каби тан жароҳатлари борлиги аниқланиб, зарур тиббий ёрдам кўрсатилган ва тегишли даво чоралари тавсия қилинган.
Шу билан бирга вояга етмаган қизнинг танасидаги жароҳатларининг келиб чиқиш механизми ва оғирлик даражасини аниқлаш мақсадида судга оид экспертиза тайинланган.
Таъкидланишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Яшнобод тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 109-моддаси (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказиляпти.






