Янги йил тадбирлари, сайллар, байрам томошалари каби одам кўп йиғиладиган йиғинлар коронавирус тарқалиши учун шароит яратиб бериши турган гап. Хўш, мутахассислар бу масалага қандай қарайди? CCВ Матбуот хизмати шу савол билан вазирлик ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Эъзозбек Ризаевга мурожаат қилди:
– Инсон иммун тизими соатдек тўғри ишлаб туриши учун инсон соғлом турмуш тарзига риоя килиши керак, мунтазам спорт билан шуғулланиши ва зарарли одатлардан воз кечиши шарт. Буларнинг барчаси инсонга боғлиқ бўлган мезонлардир, – дейди Эъзозбек Ризаев. – Лекин инсонга боғлиқ бўлмаган мезонлар ҳам бор. Булар – ташки мухитнинг ноқулай бўлиши (ўта совуқ ҳарорат ёки ўта иссиқ), кучли шовқин (мусиқа оханги 80 децибел ва ундан юқори бўлиши), ташқи мухитда кислород миқдорининг камайиши (ёпиқ повелион, тамаки тутуни, инсонлар сонининг кўп бўлиши) инсон иммун тизимини зўриқишига олиб келади. Натижада, касаллик юқтириб олиш ва касалланиш хавфи бир неча баробарга ортиб кетади.
Мамлакатимизда карантин талабларини бироз юмшатилганлиги, даволаниш кўрсаткичларини 97 фоизга етгани бу – “биз коронавирусни енгдик” дегани эмас албатта. Биз ҳозирча фақатгина бу кўрсаткичларни мўтадиллаштиришга муваффақ бўлдик, холос.
Эндиликда касалликни тўлиқ енгиш учун огоҳликни йўқотмаслигимиз керак. Бу ишда эса биз ҳар биримиз масъулмиз. Юртимиз узра байрам кайфияти аллақачон тарала бошлади. Куни кеча асосий қомусимиз – Конституция қабул қилинган кунини нишонладик. Олдинда эса янги йил байрами эшик қоқмоқда.
Байрам чиройли ва хурсандчилик билан ўтишини истаган холда, биз шифокорлар янги йил байрамини уйда, оила даврасида, ортиқча дабдабасиз ўтказишни тавсия қиламиз. Ўша куни меҳмонга бориш ёки меҳмон чақириш тавсия этилмайди.
Шунинг учун ҳам Республика махсус комиссияси баёнотида вилоят, туман ва шаҳарлардаги байрам арчаларини очиқ осмон остида ўрнатиш тавсия этилди.
Байрам корпоратив ўтиришлари, турли хил дискотекалар – сизнинг саломатлигингизга жиддий путур етказиши мумкин. Айниқса, мактабгача таълим ташкилотлари, мактаблар ҳамда олий ўқув юртларида турли байрам тадбирлари ва кечаларини ташкил этиш ёшлар саломатлиги жиддий хавф солади.
Алькогол ва тамаки махсулотларини кўп истеъмол килиш эса, нишон аъзоларимиз ўпка, жигар ва буйракни шикастланишига олиб келади. Бу ҳолат эса иммун тизимимизнинг сусайиши ва касалликка чалиниши, шунингдек, касалликларни тез тарқалиб кетишига сабаб бўлиши мумкин.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги дунёдаги эпидемик вазият ҳамон таҳликали бўлиб қолаётганини инобатга олиб, мутахассисларнинг тавсияларига амал қилиш ҳар биримиз учун муҳим эканини эслатиб ўтади. Бундай холатларга йўл қўймаслик эса ҳар биримизнинг ўз қўлимизда.
Энг асосийси, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсияларини ҳамда коронавирус инфекциясига қарши курашиш борасидаги хорижий мамлакатлар ижобий тажрибасини инобатга олган ҳолда жамоат жойларида ниқобдан фойдаланишга жиддий аҳамият бериш лозим. Республика махсус комиссиясининг баёнотида кўзда тутилган Янги йил байрами тадбирларини ўтказиш бўйича тавсияларига амал қилиш ҳар биримизнинг соғлиғимиз учун ниҳоятда муҳимлигини унутмайлик!






