Шу йил 30 ноябрь куни Чилонзор тумани “Катта Дўмбробод” кўчаси 216-уйда ёнғин бўлган. Барча ашёлар қатори 3 нафар норасида боланинг кийимларигача ёниб кетган. Шунингдек, бу ерда (акасининг уйида) ногирон ука ҳам яшар экан. Ана шу мусибат кўрган хонадонга ёрдам қўли чўзилди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар домла Қаюмов хабар қилмоқда.
"Воқеадан хабар топгач, жума намози олди ноибларим билан мусибатга учраган хонадонга бориб, уларга тасалли бериб келдик. Жума намозидан кейин хатни намозхонларга ўқиб бериб, имкон қадар мусулмонлик вазифамизни тушунтирдим.
Шундан сўнг масжидга келган азизларнинг саҳовати билан ёнғиндан азият чеккан оилага 612 АҚШ доллар ва 39 825 000 сўм жами 45 975 600 сўм йиғилди. Аллоҳ хайру садақа қилганлардан рози бўлсин, ажру савобларини кўпайтириб берсин.
Куннинг иккинчи ярмида жумадан сўнг бошига ташвиш тушган оила аёли омонатни олиб, эҳсон қилган барчанинг ҳақига дуо қилиб: “Аллоҳга шукр, азиз халқим омон бўлсин” деб йиғлаб юборди, бошқа гапиролмади..."






