АсосийJamiyat

Ўзбекистондаги алоқа компаниялари истеъмолчиларга 22,5 млрд. сўмдан кўпроқ зарар етказган

'Ўзбекистондаги алоқа компаниялари истеъмолчиларга 22,5 млрд. сўмдан кўпроқ зарар етказган'ning rasmi

Бугун АОКАда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги директори ўринбосари  Аъзамжон Қурбонов иштирокида брифинг ўтказилди.  

Унда маълум қилинишича, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига жорий йилнинг ўтган даври мобайнида истеъмолчилардан жами 17,5 мингдан ортиқ аризалар келиб тушган бўлиб, шундан 638 таси алоқа соҳасидаги муаммолар билан боғлиқ мурожаатлардан иборат.

 Жорий йилнинг ўтган даврида Агентлик томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида, алоқа соҳасида истеъмолчилардан 22,5 млрд. сўмдан зиёд ортиқча маблағ олинганлиги аниқланди ва уларни истеъмолчиларга қайтариш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинган.

"Масалан, Билайн компанияси томонидан ўтган йилнинг июнь ойида 3 млн 200 мингдан ортиқ абонент “Хабардор бўл” хизматига бепул уланган, бироқ ушбу хизматдан бир ой бепул фойдаланган 1 млн 300 минг абонентдан кейинги ойдан бошлаб кунига 240 сўмдан пул ушлаб қолаверган ва бу ҳақда, хизматнинг пуллик эканлиги тўғрисида барча абонентлар хабардор этилмаган. Натижада, истеъмолчилардан 20 млрд сўмга яқин ортиқча ҳақ олинган. Бугунги кунда ушбу маблағ абонентларга босқичма-босқич қайтарилмоқда", дейди мутахассислар.

Контент провайдерлар томонидан мобиль алоқа компаниялари кўмаги билан истеъмолчилар ўртасида турли викторина ва бошқа пуллик хизматларни кўрсатишда ҳам истеъмолчилар ҳуқуқи бузилиши ҳолатлари мавжуд.

Хусусан, “Via Mobi” контент провайдери томонидан “Ғолиб бўл ва ютиб ол!” акцияси доирасида Билайн абонентларига “Сиз 100 млн сўм ғолиби сифатида танлаб олиндиз” мазмунида СМС хабар юборилиши натижасида 3 600 истеъмолчи 17,1 млн. сўм миқдорида ортиқча харажатни амалга оширган.

“First IT Group” контент провайдери томонидан “Al-chiroq” акциясига уланган Ucell абонентларига ҳақиқатда пуллик хизматлар кўрсатилмасада, ҳақ ундирилган ва бу ҳақда истеъмолчилар хабардор қилинмаган. Натижада 337 900 абонентдан 97,4 млн сўм ортиқча маблағ олинган.

Бундан ташқари, Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси ҳамда “Электромагнит мослашув маркази” ДУК билан биргаликда жорий йилнинг июнь-июль ойларида республика ҳудудидаги 12 246 та аҳоли яшаш масканларида мобиль алоқа қамрови ҳолати таҳлил қилинганда, уларнинг 6,6 фоизида – 2G, 56,8 фоизида – 3G ва 95,5 фоизида 4G алоқаси мавжуд эмаслиги аниқланган.

Шу билан бирга, 115 та аҳоли яшаш масканида бирор-бир мобиль алоқа операторининг алоқа қамрови мавжуд эмаслиги, 533 та етиб бориш қийин бўлган аҳоли яшаш масканларидан 313 тасида (ёки 58,7 фоизида) умуман мобил алоқа қамрови мавжуд эмаслиги қайд этилган.

Масалан, Наманган вилоятида истеъмолчиларнинг алоқа хизматлари билан таъминланганлик даражаси таҳлил қилинганда, 4 та мобиль алоқа компанияларининг жами 1,7 млн абонентлари мавжудлиги, уларда жами 1058 та тармоқ алоқа база станциялари ўрнатилганлиги ва бу 1615 та абонентга 1 та антенна тўғри келиши аниқланган (1 та антенна Қозоғистонда 643 нафар ва Россияда 235 нафар аҳолига хизмат қилади).

    Бошқа янгиликлар