Ғузор туманининг собиқ ҳокими судьяга босим ўтказгани учун лавозимидан бўшатилмаган. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг Ахборот хизмати маълум қилмоқда.
Хабарда келтирилишича, жорий йилнинг 10 декабрь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров "xabar.uz" интернет-нашри мухбирига "Ғузор туманининг собиқ ҳокими судья фаолиятига аралашгани учун вазифасидан озод этилган", дея таъкидлаган.
Жорий йилнинг 10 апрель куни ўтказилган Халқ депутатлари Ғузор тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Саъдулла Бабақулов соғлигидаги сурункали муаммолар сабабли ўз аризасига асосан, вазифасидан озод этилган.
Судьялар олий кенгаши раиси Х.Ёдгоров таъкидлаганидек, С.Бобоқулов иши бўйича хизмат текшируви ўтказилган бўлиши мумкин. Аммо, собиқ ҳокимни ишдан олиниш вақтида хизмат текшируви ёки унинг натижаси ҳақида хабар берилмаган.






