Андижон вилояти ҳокимлиги биносида давом этаётган сессияда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов айни кунларнинг энг оғриқли муаммоларига ҳам эътибор қаратиб, баъзи камчиликларга изоҳ бериб ўтди.
БУЛАР ФАҚАТ РЕЖАЛАР ИЖРОСИ
— Ҳамма шароитни яратиб қўйибмиз, демаяпман. Йиллик режаларни айтяпман. 2020 йилда 500 км электр узатиш тармоқлари ва 266 дона трансформатор пункти ўрнатиш режалаштирилган. Бундан ташқари, 1 минг 585 км электр тармоқлари ва 581 дона трансформатор пунктларини мукаммал таъмирлаш, шунингдек, 3 минг 170 км электр узатиш тармоғи ва 1 минг 162 дона трансформатор пунктларини жорий таъмирлаш тўлиқ якунига етказилди.Натижада 150 мингдан ортиқ аҳоли хонадонлари, 300 тага яқин ижтимоий соҳа объектлари ҳамда тадбиркорлик субъектларининг электр энергияси таъминоти яхшиланди.2021 йилда жами 93 млрд. сўм маблағ ажратилиб, 771 км узунликдаги электр тармоқлари ва 438 дона трансформатор пунктида янги қурилиш ва реконструкция қилиш ишлари бажарилиши натижасида 170 мингдан ортиқ аҳоли хонадонлари, 350 тага яқин ижтимоий соҳа объектлари ҳамда тадбиркорлик субъектларининг электр энергияси таъминоти яхшиланади.
ГАЗ ТАЪМИНОТИДАГИ МУАММОЛАР
— Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Андижон вилоятига табиий газ магистрал газ қувурлари орқали Бухоро вилоятидан ўртача 2 минг км масофадан етказиб берилади. Водий вилоятлари ичида Андижон вилояти магистрал газ қувурининг охирги ҳудудида жойлашганлиги сабабли ҳозирда газ таъминотида узилишлар юзага келмоқда.Магистрал газ қувурларида лойиҳавий газ босими 17-20 килограмм бўлиши белгиланган бўлсада, амалда ноябр-декабр ойларида 3-5 килограммгача пасайиши кузатилди.Андижон вилоятида 587 минг хонадон бор 2015 йилгача 487 минг хонадон газлаштирилган. 287 минг хонадонга “Узтрансгаз” газ етказиб бериши керак эди. Лекин бугунги кунда 246 мингдан 71 минг хонадонга етарли газ етказиб беролмаяпти.
ҚИЛИНГАН ВА ҚИЛИНАДИГАН ИШЛАР
— Жорий йилда 2,5 млрд. сўм маблағ эвазига намунавий лойиҳадаги уй-жойларни газлаштириш учун режадаги 9,8 км газ тармоқларидан 8 км қисмида қурилиш ишлари амалга оширилган бўлса, 1,5 км аҳоли газ қувурларини капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш тўлиқ якунланди. Бундан ташқари, аҳолига 54,5 минг тонна суюлтирилган газ ҳамда 26 минг дона газ баллонлари етказиб берилди. Амалга оширилган ишлар натижасида 8 мингга яқин аҳоли хонадонлари ва 52 та ижтимоий соҳа объектлари ҳамда тадбиркорлик субъектларини табиий газ таъминоти яхшиланади. 2021 йилда аҳоли истеъмолчиларининг газ таъминотини янада яхшилаш мақсадида 11,5 км янги газ тармоқлари қуриш, 5,5 км газ тармоқларини таъмирлаш ҳамда 1,5 км газ қувурларини капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш ишларини бажариш кўзда тутилмоқда. Ички имкониятдан келиб чиққан ҳолда, аҳоли газ таъминотини яхшилаш мақсадида автомобилларга газ қуйиш шаҳобчалари ҳамда бошқа улгуржи истеъмолчиларга газ берилиши вақтинча тўхтатилиб, бундан иқтисод қилинган кунлик ўртача 200 минг метр кубгача бўлган табиий газ аҳоли истеъмолчиларига йўналтирилмоқда. Ҳозирда Энергетика вазирлиги, “Ўзтрансгаз” ҳамда “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятлари томонидан белгиланган ҳажмда табиий газ билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
ЭСКИ КЎМИР ЯНГИСИГА АЛМАШТИРИБ БЕРИЛАДИ
— Ҳозир Ангренда ишлаб чиқарилаётган кўмир маҳсулотларининг сифати анча яхшиланган. Ижтимоий соҳа объектлари(мактаб, боғча, шифохона)да олдиндан қолиб кетган сифатсиз кўмир бўлса, уларни актини қилиб, сифатлисига алмаштириб беряпмиз. Бу бўйича муаммо йўқ.
Сардорбек Раҳмонқулов
Мавзуга оид:
“Бу рақамларда ёлғон йўқ” – Андижон вилояти ҳокими халққа ҳисоб беряпти






