АсосийJamiyat

Бухорода Зооқамоқхонага айлантирилган хусусий ҳайвонот боғининг ҳолати ўрганилди

'Бухорода Зооқамоқхонага айлантирилган хусусий ҳайвонот боғининг ҳолати ўрганилди'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда «Зооқамоқхона. Қачон Ўзбекистонда ҳайвонлар устидан масхара қилиш тўхтатилади» сарлавҳаси остида танқидий хабар эълон қилинган. 

Унда вилоят Марказий маданият ва истироҳат боғи ҳудудида ёввойи ҳайвонларни сақлаш жойи ташкил этилганлиги, у жойдаги ҳолат санитария-гигиеник талабларига жавоб бермаслиги, мазкур жойда ҳайвонлар учун етарли шарт-шароит яратилмагани сабабли уларнинг қийналаётгани, бунга ўхшаш «ҳайвонот боғлари» ёш авлод онгида ҳайвонларга нисбатан салбий таассурот қолдириши баён этилган. 

Ҳолат масалага бевосита мутасадди ташкилотлар — вилоят Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш ҳамда Маданият бошқармалари томонидан ўрганилган. 

" - Зеро, ижтимоий тармоқ орқали тарқатилган мурожаатда қўйилган муаммонинг икки жиҳати яққол кўринади. Биринчиси, ҳайвонот боғидаги аҳвол бўлса, иккинчиси, ҳайвонлар сақланаётган жой муҳофазага олинган тарихий иншоот яқинида эканлиги. Шу боис аниқланишича, маҳаллий тадбиркорга қарашли мазкур жойда айни пайтда 2 бош шер, 1 бошдан айиқ ва тулки, 7 бош бўри, 2 бош ёнот, 2 бош шоқол, 3 бошдан маймун ва Тибет моллари, 15 бош денгиз чўчқаси ва ҳар хил турдаги декоратив паррандалар сақланиб келинмоқда.

Алоҳида қафасларда сақлаб келинган бу ҳайвонлар маҳаллий рацион асосида озиқлантириб келинган ва уларга Бухоро шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими мутахассислари ветеринария хизматини кўрсатган. 

Ёввойи ҳайвонларни сақлаш ва озиқлантириш учун ҳайвонот боғида етарли шароит яратилган ва масъуллар бириктирилган. Кунлик озиқлантириш рациони мутахассислар томонидан назоратга олинган бўлиб, қишки мавсум учун етарли озуқа захираси яратилган. Ўрганишдан сўнг, ҳайвонот боғи масъулларига атрофни ва ҳайвонлар сақланадиган қафасларни тоза сақлаш, ҳайвонларни озиқлантиришни кунлик рационга мувофиқ олиб бориш, ҳайвонларни томоша қилиш учун келадиган фуқароларга шароит яратиш билан боғлиқ тавсиялар берилди", дейилади Матбуот ва ахборот хизмати хабарида. 

Маълум қилинишича, вилоят ҳокимлиги мутасаддилари ҳамда маданият бошқармаси ҳайвонот боғи раҳбари билан ҳайвонот боғини омма учун қулай жойга кўчириш тўғрисида келишиб олишган. 

    Бошқа янгиликлар