Коронавирусга қарши эмлаш икки босқичли вакцинация жараёнидан иборат. Агар бу жараёнда хатога йўл қўйилса, у вирусдан ҳимоя қила олмаслиги мумкин. Бу ҳақда Қуддусдаги Хадасса клиникаси профессори, иммунолог полина Степенская "РИА Новости" сайтига берган интевьюсида таъкидлаб ўтди.
"Ҳозирги вақтда барча коронавирусга қарши вакциналарнинг иккита босқичи бор. Агар иккинчи босқичи амалга оширилмаса, жамоавий иммунитет яхши сақланмайди.
Бу ҳолатда эмланган кишида ҳам мустаҳкам иммунитет сақланиб қолмайди, — деди Степенская.
Унинг айтишича, барча мамлакатларнинг аҳолисига иккинчи марта эмлашнинг муҳимлиги ҳақида электрон манбалар орқали маълумот бериш керак. Шунда аввалги кўп йиллик вакцинация тадбирларида тажриба оширган одамлар ўзи онгли равишда қарор қабул қилишади.
"Қандайдир электрон эслатиш воситаларини ўйлаб топиш керак. Ахир оналар ўз фарзандларини миллий жадвалдаги вакциналар билан эмлатишни унутиб қўйишмайдику. Кимки эмлатишни хоҳламаса, майли қилдирмасин.
Ўйлайманки, кишиларни вакцина олишга мажбурлаш керак эмас. Албатта, эслатиб ўтиш кифоя, лекин ҳамма фуқаролар ёппасига вакцина олади, деб ишонмаслик зарур".
Экспертнинг фикрича, агар вакцинанинг муҳимлиги тушунтирилса, одамлар иккинчи босқичга ҳам ўз ихтиёри билан келишади. Шу билан бирга иммунологнинг таъкидлашича, тез орада икки босқичли эмлаш бекор қилиниши мумкин.
"Балки вақт ўтиши билан, бир йилми ёки икки йилдан кейин худди гриппга қарши вакцина каби коронавирусга қарши ҳам икки марталаб эмланиш шарт бўлмай қолар...
Аммо у вақтда аллақачон иммунологик хотирага эга бўламиз. Лекин ҳозирча бир-икки йилда бу мақсад амалга ошмайди, деб ўйлайман. Ҳозирча ҳар йили эмланишимизга тўғри келади", — деди мутахассис.





