Бу ҳақда депутат ўзининг ижтимоий тармоқдаги шахсий саҳифаси орқали маълум қилди.
"Марғилон шаҳри азал-азалдан олиму-уламолар, савдогар ва ҳунармандлар юрти ҳисобланади. Шаҳар ҳақида сўз борганда, миллионлаб ўзбекнинг қалбига сингиб қолган марғилонлик Кумуш сиймоси, “Соҳиби Ҳидоя” Бурҳониддин Марғилоний шу юртдан эканлиги эсга олинади. Қолаверса, буюк ипак йўли манзилларидан бири сифатида бу кўҳна шаҳар асрлар давомида илм-фан ва маърифат маркази саналиб, бу ерда кўплаб уламолар, етук олимлар етишиб чиққан.
Лекин шунга қарамасдан минг афсуски охирги йилларда шаҳар аҳолиси, айниқса ёшлар орасида билим олишга қизиқиши камайиб бормоқда. Бу фикр тасдиғини Олий ўқув юртларига киришга оид статистик маълумотларда ҳам кўришимиз мумкин.
Давлат тест маркази томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, 2019 йилда республикадаги 203 та ҳудудлар кесимида мактаб битирувчиларининг Олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичларида Марғилон шаҳри 154-ўринни, вилоят миқёсида эса 19 та ҳудуд ичида 17-ўринни эгаллаган. Ўтган йили шаҳардаги жами 3670 нафар абитуриентдан 272 нафари ёки атига 7,4 фоизи Олий ўқув юртларига қабул қилинган.
Бу ачинарли статистика билан биринчи марта танишган кунимдан шаҳар ёшларини билим олишга рағбатлантириш, ёшларни олий таълимга жалб қилиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқишни мақсад қилган эдим.
Шу боис, ўзим сайланган ҳудуд, Марғилон шаҳри мактаб битирувчилари орасидан оилавий шароити ва иқтидоридан келиб чиққан ҳолда 50 нафарини танлаб олиб, уларни Олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларига репетиторлик марказлари ёрдамида тайёрлаш лойиҳасини ишлаб чиқдик. Лойиҳа доирасида барча харажатлар (тахминан 150 млн.сўм) ҳомийлик маблағлари эвазига қоплаш кўзда тутилган.
КОВИД-19 пандемияси сабаб лойиҳани амалга оширишни бошлашда бироз кечикдик. Шунга қарамасдан бу орада лойиҳани амалга ошириш учун ҳамкор ва ҳомийларни аниқлаб олдик. Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан янги ташкил этилган Ёшлар ишлари агентлигининг Фарғона вилоят бошқармаси, шаҳардаги “Ideal progress education” ўқув маркази, “Fergana Global Textile” пахтачилик кластери ҳамда бошқа маҳаллий тадбиркорларга бу борадаги ҳамкорлик ва ҳомийлиги учун ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Лойиҳага асосан, тегишли синов ва суҳбатлар асосида барча номзодлар орасидан ҳозирда 42 нафар абитуриент (режамиз бўйча 50 нафар эди, лекин синов ва суҳбатлардан фақат 42та номзод ўта олди) танлаб олиниб, уларни Олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларига тайёрлаш мақсадида ноябр ойидан тегишли фанлар бўйича ўқитиш бошланди.
Шуни ҳам алоҳида такидлаш керакки, лойиҳадан кўзланган асосий мақсад танланган абитуриентларимизни фақатгина Олий ўқув юртларига ўқишга киришларига эришиш билан чекланган эмас. Аксинча, уларни олий таълимга жалб қилиш ёшларимизни жамиятда ўз ўрниларини топиши, кучли билим ва профессионал касб эгаллаши, халқимиз, ватанимиз равнақи йўлида хизмат қилишларига эришишларида ёрдам берувчи муҳим бир омил, восита деб ҳисоблайман.
Шу боис, ёшларимизни доимий руҳлантириб бориш, уларни мотивацияларини ошириш, ўз устиларида ишлашлари ҳамда янги билим ва кўникмаларни ўзлаштиришларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳаётда муваффақиятга эришган ҳамшаҳарлармиз, ҳамюртларимиз билан учрашувлар ташкил этишни режалаштирмоқдамиз. Қолаверса, ёш абитуриентларимиз билан талабалик даврларида ҳам мулоқотимиз тўхтаб қолмайди.
Умид қиламанки, лойиҳамизни дастлабки иштирокчиларининг муваффақияти келгуси йилларда бошқа шаҳримиз ёшлари учун намуна, мотивация манбаи сифатида хизмат қилади.
Албатта, лойиҳамизнинг дастлабки босқичида хатолар бўлиши, абитуриентларнинг ўқишга кириш кўрсаткичи биз истагандек юқори бўлмаслиги мумкин. Лекин биз учун муҳими бу жараённи бошлаб олиш. Эҳтимол, кейинги йилларда ҳомийлар сони ортиб, лойиҳанинг қамров даражаси ҳам ортса ажаб эмас. Бундан ташқари ҳар бир талабалик бахти насиб этган лойиҳамиз иштирокчиси вақтлар ўтиб ўзи ҳам айнан шу каби лойиҳаларни амалга оширишга ўз хиссасини қўшишига ишонаман", дея янги лойиҳаси ҳақида маълум қилган депутат.






