Айни дақиқаларда АОКАда «Олий таълим муассасаларининг глобал рақобатбардошлигини ошириш ҳамда масофавий таълимни жорий этиш муаммолари ва истиқболдаги вазифалар» мавзусида матбуот анжумани ўтказилмоқда.
Қайд этилишича, 2020 йил 16 декабрь куни Лондонда Quacquarelli Symonds халқаро агентлиги томонидан Ривожланаётган Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича 2021 йил учун энг кучли университетлар рейтинги эълон қилинди.
️Ушбу рейтингда мустақил Ўзбекистон тарихида илк маротаба мамлакатимизнинг бир йўла тўртта олий таълим муассасаси энг кучли университетлар қаторидан ўрин эгаллади. Булар: Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институти (251-300), Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети (351-400), Самарқанд давлат университети (351-400) ва Тошкент давлат техника университети (351-400).
QS халқаро рейтинг агентлиги кучли университетлар рейтингини тузишда уларнинг академик нуфузи (30%), иш берувчилар ўртасидаги нуфузи (20%), ўқитувчилар ва талабалар миқдори мутаносиблиги (10%), профессор-ўқитувчиларнинг илмий фаоллиги (10%), илмий мақолаларнинг ўқилиши, уларга нисбатан берилган иқтибослар сони (5%), хорижий ўқитувчи ва ходимлар (2.5%) ҳамда талабалар (2.5%) улуши ва шу каби бошқа муҳим жиҳатлар асос қилиб олинади.
▫️Рейтингни тузишда дунёнинг 102 минг нафардан ортиқ олимлар, ўқитувчи ва ОТМлар раҳбарлари, 52 минг нафардан зиёд иш берувчи компаниялар вакиллари, қолаверса, QS мутахассислари ҳам эксперт сифатида иштирок этган.
Дунёда таълим сифатини баҳоловчи кўплаб рейтинг тизимлари бўлиб, улардан халқаро миқёсда тан олинадиган Times Higher Education (THE), Quacquarelli Symonds (QS) ва Academic Ranking of World Universities (ARWU) Шанхай рейтинг компаниялари ўзининг нуфузи билан дунёга машҳур.
2018 йилда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги QS ва Times Higher Education халқаро рейтинг агентликлари билан республика ОТМларини халқаро рейтингларга киришга тайёрлаш бўйича стратегик шартнома имзолаган.






