Ўзбекистон республикаси президентининг "Тадбиркорлик соҳасида давлат назоратининг сифати ва кўламини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.
Маълум қилинишича, таҳлиллар давлат томонидан назорат қилишга қонун ҳужжатлари билан ваколат берилган вазирлик ва идораларнинг замон талабларига жавоб бермайдиган, ўзига хос бўлмаган ва бир-бирини такрорловчи, тадбиркорлик субъектлари учун ортиқча маъмурий юк бўлаётган назорат қилиш билан боғлиқ функциялари мавжудлигини кўрсатмоқда.
Шу сабаб тадбиркорлик соҳасида давлат назоратини тубдан такомиллаштириш орқали ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш мақсадида ушбу фармон қабул қилинмоқчи.
Унга кўра, 2021 йил 1 мартдан бошлаб, Ички ишлар вазирлигининг транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш станцияларида транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишларини текшириш бекор қилинади. Эксперимент тариқасида 2022 йил 1 мартга қадар солиқ органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг банкдаги ҳисобварақларига инкассо топшириқномаларини қўйиш ва операцияларни тўхтатиб туриш функцияси фақат суд қарори асосида амалга оширилади.
Шунингдек, 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб Реестрга киритилмаган назорат функцияларни амалга оширишга йўл қўйилмайди ҳамда бундай функцияларни амалга оширилиши ёки тегишли мансабдор шахс томонидан бажарилиши тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилганлик ва қонунга хилоф равишда аралашганлик сифатида малакаланади.
2021 йил 1 майдан бошлаб эса тадбиркорлик субъектларини текширишда уларнинг фақатгина охирги уч йиллик давридаги фаолияти ўрганилади, жиноят иши доирасида ўтказиладиган текширишлар бундан мустасно.
Шунингдек, назорат тадбирини амалга оширишда назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг ноқонуний қарорлари ёки бошқа ҳаракатлари натижасида тадбиркорлик субъектига етказилган зарарлар, шу жумладан бой берилган фойда биринчи навбатда назорат қилувчи органнинг бюджетдан ташқари маблағлари, бундай маблағлар етарли бўлмаганда эса давлат бюджети ҳисобидан қопланади, кейинчалик айбдор шахсдан регресс тартибида ундириб олинади.
Тартиб ўрнатилса, 2021 йил 1 июндан бошлаб тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтган жисмоний шахслар юридик шахс ташкил этмасдан барча турдаги тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга рухсат этилади, бундан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган фаолиятлар мустасно.






