Президентимиз раислигида жорий йил 17 август куни хорижда меҳнат қилаётган фуқароларга муносиб шароитлар яратиш ва улар билан тизимли ишлаш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши ҳамда 15 сентябрдаги “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган топшириқлар асосида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан пандемия даврида аҳолини хорижга ташкиллаштирилган ва тартибли равишда ишга жалб қилиш бўйича Россия Федерациясидаги йирик иш берувчилар билан келишувларга эришилмоқда.
Келишувларга мувофиқ, ўтган даврда Агентлик томонидан Россия Федерациясининг Амур вилоятидаги газни қайта ишлаш заводи қурилиши учун Наманган вилоятидан 400 дан ортиқ фуқаролар ишга юборилган.
Шунингдек, 16 декабрь куни Наманган халқаро аэропортидан Россия Федерациясининг Амур вилоятидаги “Анти-Япи” компанияларининг қурилиш объектларида ишлаш учун мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан яна 182 нафар фуқароларимиз чартер рейс орқали жўнаб кетди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Наманган вилояти филиали томонидан фуқароларни тиббий кўрикдан, шунингдек, коронавирус ПЦР текширувидан ўтказиш, хизмат кўрсатиш шартномасини расмийлаштириш ишлари ташкиллаштирилиб, миграция тартиблари, Россия қонунчилиги бўйича тушунтиришлар берилди. Меҳнат мигрантлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан тарқатма материаллар берилди.
Вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетган фуқароларнинг транспорт, овқатланиш, патент ва яшаш харажатлари, агарда ишчи коронавирус билан касалланса, унинг даволаниши иш берувчи компаниялар томонидан таъминланиши белгиланган.






