АсосийJamiyat

“Сижжак”, “Белдирсой”, “Чорвоқ"... Тошкент вилоятида 58та давлат масканлари ва корхоналар хусусийлаштирилади

'“Сижжак”, “Белдирсой”, “Чорвоқ"... Тошкент вилоятида 58та давлат масканлари ва корхоналар хусусийлаштирилади'ning rasmi

 Президентнинг 2020 йил 27 октябрдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, Тошкент вилоятида 58 та давлат активлари ва объектлар хусусийлаштирилиши белгиланган. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси томонидан тадбиркорлар билан бўлиб ўтган учрашувда агентликнинг вилоят бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Рустамов маълум қилди. 

Вилоятда 4 та (“Ўзбеккимёмаш заводи” АЖ, “Тўйтeпа мeталл қурилмалари” АЖ, “Академик М.Мирзаев номли боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти Қибрай шароб илмий-экспериментал корхонаси” ДУК, “Мева-шарбат илмий экспериментал” ДУК) давлат активларини хусусийлаштириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилиб, тегишли ишлар амалга оширилмоқда.

Шундан “Тўйтeпа мeталл қурилмалари” АЖ 5 йил муддатда 4 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш ҳамда 20 млрд. сўм миқдорида сотиб олиш шарти билан “KRANTAS GROUP” МЧЖга сотилди.

“Сижжак”, “Белдирсой оромгоҳи”, “Чорвоқ оромгоҳи” дам олиш масканлари ва “Бургалик” дам олиш оромгоҳи кўчмас мулк объектлари алоҳида ёндашув асосида хусусий секторга сотилиши кўзда тутилган.

Бугунги кунда “Белдирсой оромгоҳи” ҳамда “Чорвоқ оромгоҳи” дам олиш масканларида баҳолаш ишлари якунланиб, оммавий савдога чиқариш ишлари амалга оширилмоқда. “Сижжак” ва “Бургалик” дам олиш оромгоҳларида хатлов олди ишлари олиб бориляпти.

Ҳудудларда жами 39 та, шундан 7 та алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ва шароб савдо корхоналари, 1 та ёғ-мой корхонаси, 1 та компьютер маркази, 30 та бошқа соҳа корхоналарининг давлат улушлари тўлиғича оммавий савдолар орқали хусусий секторга сотилади.

Бундан ташқари, Фармон билан қамраб олинмаган, бироқ хусусийлаштирилиши режалаштирилган 200 та корхона ва кўчмас мулк объектлари оммавий савдоларга чиқарилади.

Жумладан, 99 та корхона аввал қабул қилинган қарорлар доирасида сотилади. 101 та кўчмас мулк (ер майдони 5 минг кв.м.гача бўлган) маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида сотилиши кўзда тутилган.

 

    Бошқа янгиликлар