Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев “Тошкент ёшлар форуми –2020” тадбирининг очилиш маросимида ёшларни форум билан табриклаб, ўз нутқида Ўзбекистон коронавирусга қарши олиб-борилган чоралар хусусида тўхталиб ўтди:
Касаллик аниқланган биринчи кундан бошлаб давлат раҳбари олдимизга аниқ вазифалар қўйди. Биронтамизга тинчлик бермадилар, бир кун ҳам дам бермадилар. Асосий мақсад – халқимиз соғайиб кетсин.
Пандемия даврида соғлиқни сақлаш тизимига шунчалик кўп пул берилдики, қиёсий маънода буни 30 йил давомида тизимга ажратилган маблағдан ҳам кўпроқ бўлди, деб айтиш мумкин.
Дунёнинг исталган нуқтасидан шу касалликни даволаш учун керак бўлган дорилар етказиб келинди. Хориждан мутахассислар олиб келинди. Натижада, бугун Ўзбекистонда коронавирус билан касалланганлар деярли қолмади.
Маълумот учун, 17 декабр ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус билан касалланиш ҳолатлари сони 75 675тани ташкил қилмоқда. Шундан 72 961 киши соғайган, 600дан ортиқ киши вафот этган. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида 2102 нафар бемор даволанмоқда, шундан 169 нафари оғир, 33 нафари эса ўта оғир аҳволда.






